«Вояга етмаган қизалоқни таҳқирлаган шахслар нега жазога тортилмаяпти?» сарлавҳали мақола юзасидан изоҳ

Мақолада келтирилган ҳолат ва важлар Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармаси масъуллари томонидан тегишли тартибда ўрганилди ва қуйидагилар маълум қилинади.

Ҳозирда мазкур жиноят иши юзасидан прокуратура органлари ва вилоят ИИББ назоратида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳозирча очиқланиши мумкин бўлган ҳолатларга кўра, 2020 йил 16 сентябрь куни Ўрта Чирчиқ туманида яшовчи фуқаро Б.А. туман ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, 2006 йилда туғилган қизи Д.О. 2020 йил 11 сентябрдан буён уйдан номаълум томонга чиқиб кетиб бедарак йўқолганлигини маълум қилиб, топилишида кўмак сўрайди. Ўрта Чирчиқ тумани ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув ва суриштирув ҳаракатлари натижасида Д.О. 2020 йил 26 сентябрь куни Нурафшон шаҳрида эканлиги аниқланади ва тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, уйига қайтарилади.

Ҳолат юзасидан вояга етмаган Д.О. билан ўтказилган суҳбат ва ўз кўрсатмасида, ҳақиқатдан ҳам 2020 йил 11 сентябрь куни ўзига олдиндан таниш бўлган фуқаро А.Х. билан биргаликда чиқиб кетганини маълум қилган.

Шунингдек, гумон қилинувчи 1991 йилда туғилган А.Х. ўз кўрсатмасида фуқаро Д.О. унга ўзини 2000 йилда туғилганлигини айтиб таништирганини ва ижарада яшаш учун уй топиб беришини сўраганини, шу сабабли унга Нурафшон шаҳридаги кўп қаватли уйлардан бирини ижарага олишга ёрдамлашганини, лекин ижара уйда Д.О. нинг бир ўзи яшаганлигини маълум қилган.

Суриштирув давомида вояга етмаган Д.О. уйидан чиқиб кетган вақтда отаси Б.А. турмуш ўртоғи Д.А. билан (2017 йилдан 2020 йил 16 сентябргача) Россия Федерациясида бўлганликлари аниқланган.

Дастлабки суриштирув ҳаракатлари давомида вояга етмаган Д.О.га нисбатан тайинланган судга оид психиатрия ва психология комплекс экспертизаси хулосаси олинмаганлиги сабабли 2020 йил 30 октябрда жиноят иши юзасидан олиб борилаётган дастлабки суриштирув ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 364-моддаси 1-қисми 1-бандига асосан ҳаракатдан тўхтатилган.

Ҳозирда мазкур жиноят иши қайта тикланган ва тергов жараёнида барча ҳолатлар очиқланмоқда. Жараёнда ишини ҳар томонлама тўла ва холисона олиб борилишини таъминлаш, айбланувчи, фуқаровий даъвогар ва жабрланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниши лозим бўлганлар ҳамда ҳолатга гувоҳ бўлган шахсларни терговга жалб қилиш зарурати юзасидан қўшимча суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳолат юзасидан қонун устуворлиги тўлиқ таъминланади.

***

Шунингдек, мазкур ҳолат Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан ўрганиб чиқилди ва бу ҳолатнинг ҳар томонлама холисона олиб борилиши ҳамда якунлари бўйича қонуний қарор қабул қилиниши назоратга олинди.