Вояга етмаганлар иштирокида содир этилаётган оғир жиноятлар сабаби оталар иштирокида муҳокама этилди
Самарқанд шаҳридаги мактабларнинг бирида ўқийдиган, вояга етмаган ўқувчи қиз уяли телефон аппарати устида келиб чиққан жанжал оқибатида 75 ёшли кампирни ўлдириб қўйган. Яна икки ҳолатда вояга етмаган қизларда ҳомиладорлик аниқланган.
Янги йилнинг илк ойи биринчи ҳафтасидаёқ бундай нохуш ҳолатларнинг содир бўлгани вилоят халқ таълими бошқармаси мутасаддиларини сергак торттирди ва 8 январь куни вилоятимизнинг барча умумий ўрта таълим мактабларида “Оталар куни” тадбирлари ўтказилди.
«Вояга етмаганларнинг таълим-тарбия олишларида отанинг ўрни» мавзусидаги бу тадбирларда юқорида таъкидланган кўнгилсиз воқеаларнинг бош сабаби, уяли алоқа воситаларидан нотўғри фойдаланиш эканлиги таъкидланди.
Мобил телефонлар аллақачон ҳозирги замоннинг ажралмас қисмига айланиб бўлди. Улар ёрдамида яқин инсонларимиз билан доимий мулоқотда бўламиз. Айниқса, телефонларнинг кейинги йиллардаги пандемия шароитида ўқувчи-талабаларнинг онлайн таълим олишларида асқотганини инкор этолмаймиз.
Аммо унинг бир қанча зарарли томонлари ҳам бор. Жумладан, ундан чиқаётган кўринмас нур инсон, айниқса, бола саломатлиги, асаб тизимларига салбий таъсир кўрсатади. Бунинг устига, болаларнинг турли кераксиз ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш имкони кенгайиб кетди. Оқибатда боланинг дарслардан чалғиши, дарсда мусиқа эшитиб ўтириши каби бир қанча зарарли омиллар пайдо бўлди.
Шунинг учун дарс вақтида телефондан фойдаланиш умуман мумкин эмас. Болангизнинг мактабга келди-кетдисини билиб туриш, назорат қилиб боришингиз керак бўлса, унга оддий алоқа воситаси олиб беринг. Токи, у тарбияси бузилишига сабаб бўладиган интернет саҳифаларига киролмасин.
“Мактабга қимматбаҳо телефон билан келадиган, синфдошлар орасида табақаланишни юзага келтираётган ўқувчини, унинг ота-онасини жазоланг”, деди оталардан бири.
Ўқитувчилар ўқувчиларнинг уяли алоқа воситасидан фойдаланиши каттагина муаммоларни юзага келтираётганига тўхталди. Улар 45 дақиқалик дарснинг асосий қисмини машғулотларга эмас, мобил алоқа домига тушиб қолган ўқувчиларнинг эътиборини жамлаш ва аудиторияни тинчлантириш билан ўтказишга мажбур. Танаффусда болалар бир жойда тўпланиб, телефонидаги расмлар, видеотасвирлар, қўшиқларни “муҳокама” қилади. Жазо тариқасида бир неча бор уяли алоқага муккасидан кетганларнинг телефони олиб қўйилган, маҳалла раиси, профилактика инспектори ҳолатдан хабардор қилинган бўлса-да, кейинги дарсда яна шу аҳвол такрорланаверган. Афсуски, тадбирга бу ўқувчиларнинг оталари келмаган...
Қарийб 1,5 минг ўқувчи таҳсил олаётган мактабга йиғилган 100 чоғли оталар, ўқитувчи-педагоглар боланинг тарбияси, таълим олишига салбий таъсир кўрсатувчи омилларни муҳокама қилишди. Таълим сифатини ошириш, бу борада ота-оналар ва ўқитувчилар ҳамкорлигини мустаҳкамлаш юзасидан таклифлар эшитилди. Мактабда ҳар ойда бир маротаба “Оталар куни” тадбирини ўтказишга келишиб олинди.
Ота – оила бошлиғи, хонадон устуни. Унинг ҳар бир хатти-ҳаракати болаларнинг диққат-марказида бўлади. Истайсизми-йўқми, фарзандлар отага, унинг юриш-туриши, одоб-ахлоқига тақлид қилади.
Шундай экан, оталарнинг ўрни нафақат оилада, балки кўча-кўйда, таълим муассасасида соғлом муносабатнинг шаклланиши учун фарзандларини яхши тарбиялашида, уларнинг орзуларини амалга оширишида ҳам намоён бўлади.
А.Шерхолов.