Оталар мактабни топиб боришдими?

Одатда оталарнинг мактабда ўтказиладиган ота-оналар мажлисига бормаслиги доимий равишда кулги остига олинади. Ота-оналар йиғилишига чиқиб кетиб, фарзанди ўқийдиган мактабни топа олмаслигидан тортиб, бошқа синф йиғилишига кириб кетиши ҳолатлари гарчи муболағали кулги бўлса-да, унинг остида ҳақиқат ҳам бор.

Таълим соҳаси мутасаддилари бу ҳолатни ижобий томонга ўзгартириш ҳаракатини бошлаб юборишди. Хусусан, бугун, 8 январь куни вилоятда барча умумтаълим мактабларида "Оталар куни" тадбири бўлиб ўтди. Хўш, ушбу йиғилиш мактабларда қай тартибда ўтказилди, оталар мактабни топиб боришдими?

- Оталар йиғилиши, авваламбор, нафақат она, отанинг ҳам фарзанд таълим-тарбиясидаги ролини янада ошириш, мактаб ҳаётига бевосита уларни жалб қилиш мақсадида ўтказилмоқда, - дейди Самарқанд шаҳридаги 8-ихтисослашган давлат умумтаълим мактаби раҳбари Нигора Суярова. – Тўғри, тан оламиз, йиғилиш ўтказилишдан аввал ўқувчиларимиз истиқомат қиладиган маҳалла оқсоқоллари билан ҳамкорликда оталарни мактабга чорлаш бўйича тарғибот ишларини олиб бордик. Йиғилишда юқори синф ўқувчиларининг 250 нафар оталари иштирок этди. Оталарнинг оиладаги ўрни ҳақидаги ваъзхонликдан қочиб, фарзандларимизнинг бугунги ҳолати, кечинмалари юзасидан аниқ фикрларни келтирдик. Мактабимизда психолог мутахассислар фаолият кўрсатади. Улар доимий равишда ўқувчиларнинг ўқишга қизиқиши, руҳий ҳолати юзасидан тест олишади. Ушбу тест натижалари айтилди. Мактаб ўқувчилари орасида ижтимоий ҳимояга муҳтож ёки ота-онаси хорижда бўлган ўқувчилар рўйхатга олинган бўлиб, уларни доим кузатиб боришга ҳаракат қиламиз. Сабаби, ота-онаси хорижда, қариндошлари қўлида қолган болаларнинг феълида доимий равишда ўзгаришлар бўлиб туради. Шунингдек, оталарга мактабда ўқувчилар учун яратилган қўшимча имкониятлар, тўгараклар, уларнинг вақтлари бўйича ҳам аниқ маълумотлар берилди.

Ушбу таълим муассасасида ўтган йиғилишда, шунингдек, Самарқанд шаҳар ҳокими ўринбосари - маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Аҳмаджон Маматов, Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати Муҳиба Бобобекова ва бошқалар ҳам қатнашиб, бугун жамиятда фарзандга оиладаги эътиборсизлик нечоғлик қимматга тушаётгани борасидаги аниқ мисол ва фикрлари билан ўртоқлашдилар.