Таниқли санъаткорлар тоғлар орасидаги маҳаллаларгача етиб борди
Самарқанд заминида Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” деган эзгу ғоя атрофида бирлашган “Мустақиллик тўйи” фестивали тадбирлари кўтаринки руҳда давом этмоқда.
Ана шундай файзли ва мазмунли тадбирлар Қўшработ туманида ҳам бўлиб ўтди. Байрам тадбирлари халқ билан юзма-юз мулоқот, самимий суҳбат, маънавий-маърифий учрашувлар ва эзгу ташаббусларга бой бўлди.
Таниқли олимлар, зиёлилар, санъаткорлар ва маънавият тарғиботчилари туманнинг олис Қувкалла қишлоғигача бориб, аҳоли билан учрашди. Тоғлар бағрида жойлашган ушбу қишлоқ аҳли учун бу учрашув чинакам байрамга айланди.
- Бир пайтлар концерт томоша қилиш учун Тошкент ёки вилоят марказига боришимизга тўғри келарди, - дейди Қувкалла қишлоғида яшовчи отахон Абдукарим Сулаймонов. - Бугун эса таниқли санъаткорлар эшигимизнинг тагигача келиб, бизга қувонч улашиб кетяпти. Тоғлар орасидаги қишлоғимизда бундай катта тадбир бўлаётганидан жуда хурсандмиз.
Дарҳақиқат, бугун юртимизнинг энг олис ҳудудларида яшаётган аҳоли ҳам эътибор ва ғамхўрликдан четда эмас. Таниқли санъаткорларнинг тоғлар бағридаги қишлоқларгача бориб, халқ билан бирга байрамни нишонлаши ана шу эзгу муносабатнинг ёрқин ифодаси бўлди.
Қўшработ тумани аҳолиси учун маданий-маърифий ва ижтимоий йўналишларда қатор тадбирлар ташкил этилиб, уларда юрт тинчлиги, Ватан равнақи, миллий қадриятлар ва ёш авлод тарбияси каби муҳим масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Самимий мулоқотлар давомида мустақилликнинг инсон ҳаётидаги ўрни, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ёшларга яратилаётган имкониятлар ҳамда миллий қадриятларни асраб-авайлаш масалалари хусусида фикр алмашилди. Санъаткорларнинг дилтортар чиқишлари эса байрамона кайфиятни янада юксалтирди.
Ана шундай тадбирлар Каттақўрғон шаҳрида ҳам бўлиб ўтди. Шаҳар аҳли билан ташкил этилган учрашувлар, маданий-маърифий дастурлар ва санъаткорларнинг чиқишлари юртдошларимизга кўтаринки кайфият улашди. Тадбирлар давомида халқ билан самимий мулоқот қилиш, уларнинг фикр ва таклифларини тинглаш, эзгу ташаббусларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди.