Қонун - қоғоздан ҳаётга: Янги Ўзбекистон ислоҳотлари Нуробод мисолида
Инсоният тарихида давлат ва ҳуқуқ доимо муҳим ўрин тутган. Қонун устувор бўлган жамиятда тинчлик ва барқарорлик қарор топади. Инсон ҳуқуқи таъминланган юртда эса тараққиёт учун мустаҳкам замин яратилади.
Бугун Янги Ўзбекистонда давлат-ҳуқуқ ва қонунчилик тизими янги босқичга кўтарилмоқда. Сўнгги тўққиз йилда бу борада кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Уларнинг марказида инсон қадри турибди.
Давлат органларининг халқ олдидаги масъулияти кучаймоқда. Фуқароларнинг мурожаатларини эшитиш муҳим вазифага айланди. Муаммоларни хонадонма-хонадон ўрганиш амалиёти кенгайди. Жамоатчилик ва нодавлат ташкилотларининг иштироки ҳам ортмоқда.
Конституциявий ислоҳотларда белгиланган “инсон – жамият – давлат” тамойили ана шу ўзгаришларнинг моҳиятини ифодалайди.

Ислоҳотлар ҳудуд ҳаётида
Бу жараёнларни бир ҳудуд мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Шу мақсадда ўзим туғилиб ўсган Нуробод туманида бўлдим. Турли касб ва тоифадаги инсонлар билан суҳбатлашдим. Уларнинг фикри бир жиҳатдан муштарак. Яъни, ислоҳотлар одамлар ҳаётига кириб бормоқда.
Туманда таълим ва тиббиёт соҳаларида ўзгаришлар бор. Тадбиркорлик ва бандликка эътибор кучайган. Спорт, туризм ва ёшлар сиёсатида янги имкониятлар очилмоқда. Маҳаллаларда инфратузилма янгиланмоқда.
Йўллар обод бўлмоқда, янги ижтимоий объектлар барпо этилмоқда. Энг муҳими, давлат сиёсатида белгиланган вазифалар маҳалла ва оила ҳаётида ўз ифодасини топмоқда.
Нурободда маҳалла институти фаолиятига ҳам янгича ёндашув шаклланмоқда. Президентимизнинг 2026 йил 24 июндаги “Маҳалла бошқарувини самарали ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони асосида маҳалла раислари фаолиятини рейтинг асосида баҳолаш йўлга қўйилди.
Республикадаги энг намунавий 100 та маҳалла қаторига Самарқанд вилоятидан 10 та маҳалла киритилди. Уларнинг бештаси Нуробод туманига тўғри келади. Булар - Лолазор, Шарқ юлдузи, Пўлатчи, Оқсой ва Булоқбоши маҳаллалари.
Туманда тиббий ва соғломлаштириш туризмини ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. 470 гектар майдонда “Нурбулоқ” санаторий-курорт шаҳрини ташкил этиш таклифи илгари сурилган. Бу лойиҳа янги иш ўринлари учун ҳам катта имконият. У ҳудуд иқтисодий салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

Инсон қадри - бош мезон
Таълим соҳасидаги ўзгаришларни Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Нуробод туман кенгаши раиси, халқ таълими аълочиси Эркин Абдусаломов ҳам алоҳида таъкидлайди.
- Бугун, виждонан айтганда, яшайдиган замон келди, - дейди у. - Давлат инсонни қадрлашга катта эътибор қаратмоқда. Таълим соҳасидаги шароитлар ва ёшларга яратилаётган имкониятлар давлатга ишончни оширмоқда. Бу фикрларим рақамларда қуйидаги ҳам кўринади: 2016 йилгача туманда 5 та мактабгача таълим муассасаси бор эди. Қамров атиги 3,5 фоизни ташкил этган. Бугун муассасалар сони 29 тага етди. Қамров даражаси эса 63,6 фоизни ташкил этмоқда. Аввал 10 та мактабда спорт зали бор эди. Ҳозир 37 та мактаб замонавий спорт залларига эга. Айни пайтда туманда 79 та мактаб, 2 та техникум ва 1 та ихтисослашган мактаб-интернат фаолият юритмоқда.
Бу рақамлар ортида инсон тақдири бор. Ҳар бир янги мактаб - янги имконият. Ҳар бир спорт зали - ёшлар саломатлиги ва тарбияси учун янги шароит.
Тиббиётдаги ўзгаришлар
Нурободнинг бугунги қиёфасини тиббиёт соҳасидаги ўзгаришларсиз тасаввур қилиш қийин.
Шифокор, “Шуҳрат” ордени, “ Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони соҳиби Роҳила Қиличева туманнинг кечаги ва бугунини ўз ҳаёти мисолида баҳолайди:
- Нурободга 1978 йилда келганман. Ўша пайтда бу ерда яшашни тасаввур қилишнинг ўзи қийин эди. Бугун эса туманни таниб бўлмайди. Айниқса, кейинги тўққиз йилда тиббиётда катта ўзгаришлар бўлди. Илгари марказий шифохонанинг моддий-техник базаси эскирган эди. Бинолар таъмирга муҳтож бўлган. Малакали кадрлар масаласи ҳам долзарб эди.
Бугун вазият бошқача. Шифохонанинг туғруқхона, хирургия, кардиология, терапия, тез ёрдам ва реабилитация бўлимлари замонавий технологиялар билан жиҳозланган. Туманда 24 та янги қишлоқ врачлик пункти ва оилавий поликлиника ташкил этилган.
Лабораториялар янгиланмоқда. Соҳада рақамлаштириш жараёни кетмоқда. Мутахассислар малакасини оширишга ҳам эътибор кучайган. Энг муҳими, тиббий маданият ҳам ўзгармоқда. Хотин-қизларни мунтазам кўрикдан ўтказишга эътибор ошди. Эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик билан ҳамкорлик кучайди.
Ҳуқуқ ва имконият тадбиркорликда
Ислоҳотларнинг яна бир муҳим кўриниши тадбиркорлик соҳасида намоён бўлмоқда.
“Собирсой” фермер хўжалиги раҳбари Отабек Тилавов бугунги имкониятлар тадбиркор зиммасига масъулият ҳам юклашини таъкидлайди.
- Давлат яратаётган имкониятлардан тўғри фойдаланиш тадбиркордан катта масъулият талаб қилади, дейди у. - Бу имкониятлар орқали нафақат даромад олиш, балки янги иш ўринлари яратиш ва жамиятга фойда келтириш мумкин.
Хўжалик чорвачилик, деҳқончилик ва туячиликка ихтисослашган. 2020 йилда оилавий тадбиркорлик асосида “Эко Замзар” кафеси ишга туширилган эди. Яқинда “Даво Замзар” хусусий сиҳатгоҳи ҳам ташкил этилди. У ерда 60 ўрин яратилди. 30 та янги иш ўрни ташкил қилинди.
Бугун хўжаликда 50 нафар киши меҳнат қилмоқда. Бу - ҳуқуқий имкониятнинг амалий натижаси. Айни пайтда тадбиркорликнинг ижтимоий масъулияти ҳам ортиб бораётганини кўрсатади.
Ёшлар - янги давр авлоди
Янги Ўзбекистондаги ўзгаришларни ёшлар ҳаётида янада яққол кўриш мумкин. Нурободда туғилиб ўсган Қамариддин Илясов бунга ўз ҳаёти билан мисол бўла олади. У Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Миллий тадқиқот университетини давлат гранти асосида тамомлаган.
Қамариддин сунъий интеллект, робототехника, дрон технологиялари ва муҳандисликка қизиқади. Талабалик даврида республика ва халқаро танловларда иштирок этди. “Мирзо Улуғбек ворислари” республика танловида икки карра ғолиб бўлди. Бугун у олган билимларини Нуробод ёшлари билан бўлишишни мақсад қилган.
- Пойтахтда олган назарий ва амалий билимларимни Нурободнинг узоқ қишлоқларидаги ёшлар билан бўлишишим кераклигини англадим, - дейди у.
Бу оддий фикр эмас. Бу янги авлоднинг дунёқарашидаги ўзгаришдир. Ёшлар ўз келажагини энди фақат шахсий манфаат билан ўлчамайди. Улар ўз тақдирини юрт ва жамият тараққиёти билан боғламоқда.
Қонун ҳаётда намоён бўлганда
Нуробод мисоли бир ҳақиқатни кўрсатади. Давлат-ҳуқуқ ва қонунчилик тизими фақат қонунлар ва меъёрлар мажмуаси эмас. У инсоннинг кундалик ҳаётида намоён бўлади: Янги мактабда бўй кўрсатади, замонавий шифохонада кўринади, тадбиркорга берилган имкониятда акс этади, маҳалладаги ўзгаришларда сезилади, ёшнинг ўз келажагига ишонч билан қарашида намоён бўлади.
Энг муҳими, фуқаролар ўз ҳуқуқини англаши билан бирга масъулиятини ҳам ҳис қилмоқда. Давлат органлари эса халқ билан мулоқот қилишга янада яқинлашмоқда. Демак, ҳуқуқий ислоҳотларнинг самараси қонунлар сони билан эмас, уларнинг инсон ҳаётига таъсири билан ўлчанади. Нурободдаги ўзгаришлар ана шу жараённинг амалий ифодасидир. Янги Ўзбекистон ғоясининг моҳияти ҳам шунда. Ягона Ватан, ягона халқ ва умумий мақсад атрофида янги ҳаёт барпо этиш.
Бу йўлнинг бош мезони эса битта - инсон қадри.
Эшмуҳаммад Қодиров,
Тошкент давлат юридик университети профессори, юридик фанлар доктори.