Вояга етмаганлар ўртасида нега ҳуқуқбузарлик ошиб боряпти?
Вилоят ҳокимлиги йиғилишида ушбу масала кўрилди.
Вилоят ҳокими Э.Турдимов бошқарган йиғилишда дастлаб жорий йилнинг 22-23 сентябрь кунлари Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги қонуннинг вилоятимизда ижро этилиши ҳолатининг ўрганилиш натижалари муҳокама қилинди.
Таъкидланишича, ўрганиш давомида аксарият жойларда назоратсиз ва қаровсиз қолган ҳамда ҳуқуқбузарлик ёки ижтимоий хавфли қилмиш содир этган вояга етмаган шахслар билан якка тартибда ишлаш, шунингдек, уларнинг ота-онасига (ёки ўрнини босувчи шахсларга) вояга етмаган шахсларни тарбиялашда амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида жамоат тарбиячиларини тайинлаш ишлари йўлга қўйилмаганлиги, таълимни бошқариш органлари ва таълим муассасалари томонидан дарс машғулотларига сабабларсиз келмаётган ёхуд мунтазам равишда қатнашмаётган вояга етмаганлар мониторинги қилинмаганлиги аниқланган.
Шунингдек, вояга етмаганларнинг интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиш маданиятини ошириш ишлари талаб даражасида ташкил этилмагани оқибатида ўқувчи ёшлар ўзлари содир этган ахлоқсизликларни ижтимоий тармоқларга жойлаш ҳолатлари учраётганлиги кўрсатиб ўтилган. Бунинг оқибатида 2021 йил 8 ойида вояга етмаганлар томонидан 1331 та, 2022 йилда 3941 та, жорий йилнинг 8 ойи давомида эса 3128 та ҳуқуқбузарликлар қайд этилган. 2022 йил 8 ойида содир этилган жиноятларда жами 113 нафар вояга етмаган иштирок этган бўлса, 2023 йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 139 нафарга етиб, 23 фоизга ортган.
- Жойларда олиб борилаётган профилактик тадбирларга қарамасдан шу йилнинг ўтган 10 ойи давомида вилоят бўйича 6372 та жиноят (уларнинг 33 фоизи (2107) ёшлар, 2,5 фоизи (161) вояга етмаганлар томонидан) содир этилган, - дейди вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Раҳмат Маматов. - Жиноятлар орасида қотиллик ва оғир тан жароҳати етказиш жиноятлари ҳам бўлиб, уларни ёшлар ва вояга етмаганлар содир этганлиги барчамизни сергак торттириши керак.
Йиғилишда кейинги йилларда “маҳалла бешлиги” тизими яратилгани, лекин аксарият маҳаллалардаги бешликлар яратиб берилаётган шароит ва имкониятлардан тўғри фойдаланмай, белгилаб берилган вазифалар ижросига панжа орасидан қараб келаётгани айтилди.
- 6 та туманда ўтказилган ўрганишларимиз давомида жиноят содир этиш эҳтимоли бўлган шахсларга нисбатан берилган хулосалар бўйича маҳалла бешлиги томонидан мақсадли профилактик ишлар олиб бориш ўрнига, хулосалар бўйича ижтимоий мослаштириш дастурлари тузмасдан, муаммоларини ҳал этмасдан, сохтакорлик ҳолатларига йўл қўйиб келинаётганлиги аниқланди, - деди Р.Маматов. - Жумладан, Самарқанд тумани Жўйи Аббос маҳалласида 6 та жиноят содир этилиб, ушбу маҳалла “қизил” тоифага киритилган. Маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Ф.Ибрагимовга фуқаро Т.Назаровнинг ишсизлиги бўйича 2023 йил 15 июль куни хулоса берилган, бироқ ҳоким ёрдамчиси ушбу шахснинг бандлигини таъминлаш чораларини кўрмасдан, Ургут туман “Мурувват” уйининг 13 йил олдинги, яъни 2010 йил 22 декабрь кунидаги 36-К-сонли буйруғи нусхасини илова қилган ҳолда фуқаронинг муаммоси ҳал этилган деб кўрсатган.
Ёки Қўшработ тумани Хонназар маҳалласи хотин-қизлар фаоли С.Эшбековага 10 та хулоса берилган бўлса-да, берилган хулосалар бўйича ижтимоий мослаштириш дастурлари тузилмаган, ҳар ойлик маълумотлар қилинмаган, алоҳида йиғма жилд юритилмаган, берилган 7 та хулоса, яъни 7 нафар фуқарога нисбатан 2023 йил 16 октябрь куни бирор-бир профилактик тадбирлар амалга оширмасдан қўшма хулосалар тузилганлиги аниқланди. Профилактика инспектори Ҳасан Аширов ҳам ушбу камчиликларга лоқайдлик билан қараган.
Йиғилиш якунида вилоят ҳокими вояга етмаганлар билан ишлашда сохтакорликка йўл қўйишнинг ўзи жиноят экани, бу борада қатъият, сифат ва эътибор билан иш олиб бориш шартлиги, маҳалла масъуллари ва профилактика инспекторлари ҳар бир оддий ҳолатга ҳам масъулият билан ёндашган ҳолда ечим излаши зарурлигини таъкидлади. Бу борада мутасаддиларга аниқ топшириқлар берди.