Энди вояга етмаган шахсларни мажбурий меҳнатга жалб қилган шахс жиноий жавобгарликка тортилади

Шу вақтга қадар вояга етмаган шахсларни меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси иккинчи қисмига асосан маъмурий жавобгарликка ва маъмурий жазо тариқасида базавий ҳисоблаш миқдорининг етмиш бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлар эди.

Шунингдек, Жиноят кодексининг 148-(2)-моддаси иккинчи қисмига асосан меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш вояга етмаган шахсга нисбатан, худди шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши белгиланган эди.

2021 йил 12 февралда Президентимиз томонидан имзоланган  “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунга асосан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексдан 51-модданинг иккинчи қисми чиқариб ташланган. Шунингдек, мазкур қонунга асосан Жиноят кодексининг 148-(2)-моддаси иккинчи қисми диспозициясидаги “худди шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилгандан кейин” деган сўзлар чиқариб ташланган.

Демак, эндиликда вояга етмаган шахсларни мажбурий меҳнатга жалб қилганлик учун маъмурий жазо қўлланилмайди ҳамда Жиноят кодексининг 148-(2)-моддаси иккинчи қисмига асосан жиноий жавобгарлик келтириб чиқаради. Бундай жиноий қилмиш учун эса базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши белгиланди.

Ш.Холиқулов,

Самарқанд вилоят бандлик бош бошқармаси давлат меҳнат инспекцияси бошлиғи ўринбосари.