Мажбурий меҳнат тақиқланган ва унга йўл қўйилмайди
Ижтимоий тармоқларда пахта йиғим-терими ишларига турли соҳа ходимлари мажбурий жалб этилаётганига оид айрим хабарлар тарқалмоқда.
Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслиги миллий қонунчилик билан тартибга солингани, ушбу қилмиш учун жиноий жавобгарлик белгилангани ҳақида эслатиб ўтди:
"Миллий комиссияси томонидан ҳар қандай кўринишдаги мажбурий меҳнатга жалб этиш, ишчилар учун муносиб меҳнат ва дам олиш шароитларини яратиш билан боғлиқ муаммоларни зудлик билан ўрганилиши, бартараф этилиши ҳамда айбдор шахсларга нисбатан қонуний чора кўрилиши назоратга олинган.
Азиз юртдошлар, агар Сиз мажбурий тарзда бирор бир меҳнатга жалб этиш, муносиб меҳнат ва дам олиш шароитларини яратиш билан боғлиқ муаммоларга дуч келсангиз “1176” ҳамда “1092” рақамли “ишонч телефон”ларига мурожаат қилишингизни сўраймиз.
Ҳар бир маълумот ва мурожаат белгиланган тартибда тезкорлик билан ўрганиб чиқилади ҳамда зарур чоралар кўрилади. Мурожаатчининг розилигисиз шахсига доир бирон-бир маълумот ошкор этилмаслиги кафолатланади", дейилади комиссия мурожаатида.