“Мажбурий меҳнатга йўл қўйманг!” — Вилоят прокуратураси пахта йиғим-терими олдидан бошқарув органлари раҳбарлари, кластер ҳамда фермер хўжаликлари раҳбарларига мурожаат қилди
Самарқанд вилоят прокуратурасининг шаҳар, туман ҳокимлари, вилоятда фаолият юритаётган корхона, ташкилот, муассасалар, кластер ҳамда фермер хўжаликлари раҳбарларига мурожаатида мажбурий ҳамда болалар меҳнатига йўл қўймаслик масаласига эътибор қаратилиб, бундай ҳолат маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши эслатилади.
“Халқаро меҳнат ташкилотининг “Мажбурий меҳнат тўғрисида”ги 29-сон, “Мажбурий меҳнатни тугатиш тўғрисида”ги 105-сон ҳамда “Болалар меҳнатининг энг ёмон шакллари тўғрисида”ги 182-сонли Конвенсиялари Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификасия қилинган ва бу борада Ҳукумат ва вазирлигимиз томонидан бир қатор ижобий ишлар амалга оширилиб келинмоқда.
Бугунги кунда пахта ҳосилини уюшқоқлик билан нес-нобуд қилмасдан ўз вақтида сифатли йиғиб-териб олишда, мажбурий меҳнатни олдини олиш, айниқса, пахта мавсумида пахта йиғим терими ишларига алоқаси бўлмаган корхона, ташкилот ва муассасалар ходимларини мажбурий равишда теримга жалб этилиши ҳамда болалар меҳнатини олдини олиш ва йўл қўймаслик мақсадида мустақил кузатувчилар, пахта мавсумини мониторинг қилиш учун Халқаро меҳнат ташкилоти, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ишчи гуруҳлари, Касаба уюшмалари Федерасиясининг миллий мониторинги, ҳуқуқ ҳимоячилари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, ОАВ ходимлари ва блогерлар томонидан назорат олиб борилмоқда.
Вилоятимизда пахта тўқимачиликка ихтисослаштирилган кластерлари ва фермер ҳўжаликлари томонидан пахта терими бошланганлигини инобатга олиб, мажбурий меҳнат ҳамда болалар меҳнатини олдини олишингизни, агарда, сиз раҳбарлик қилаётган туман (шаҳар)даги корхона ва ташкилотларда юқоридаги қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 51-моддасига асосан маъмурий жарима солиш;
Худди шундай ҳуқуқбузарлик вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилган бўлса, қонунда белгиланган тартибда жиноий жавобгарликка тортилишига сабаб бўлишини;
Шу билан бирга, ҳурматли фермер хўжалиги раҳбарлари Сизга қарашли бўлган фермер хўжалигининг дала майдонида вояга етмаган шахс меҳнатидан фодаланилганлик ҳамда мажбурий равишда теримга жалб этилиш ҳолатлари аниқланганда ҳам юқорида қайд этилган жавобгарлик белгиланганлигини эслатиб ўтамиз”, Самарқанд вилоят прокуратураси мурожаатида.