Сенат беш эркак томонидан зўрланган аёл воқеасига муносабат билдирди

Аввалроқ, Қашқадарёда беш эркак 26 ёшли қизнинг номусига теккани ҳақида хабар берган эдик. Ушбу ҳолат оммавий ахборот воситаларида ва ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинмоқда.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати мазкур воқеа юзасидан муносабат билдирди.

Ачинарлиси, кўнгилсиз воқеага учраган бу аёлнинг тунда кўчада юргани ёки ахлоқий юриш-туриши мазкур мудҳиш жиноят содир этилишига асосий сабаблардан бири сифатида кўрсатилмоқда.

Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси бу ҳолатни фақат ана шу омил билан боғлаш нотўғри эканлигини таъкидлайди. Унутмаслигимиз лозим, мамлакатимиз Конституцияси ва қонунларида ҳар бир фуқаро хоҳ тун, хоҳ кундуз бўлсин, кўчада юриши тақиқланмаган, шунингдек, ҳеч ким бировнинг ахлоқсизлигини рўкач қилиб, уни ўзбошимча жазолашга ҳаққи йўқ.

Бундан ташқари, маълум бўлишича, бу аёл ўз оиласини боқиш истагида умумий овқатланиш жойларидан бирида официант бўлиб ишлаган ва уйига қайтаётган вақтда айрим нияти бузуқ шахслар томонидан таҳқирланган.

Шунинг учун масалага бундай тор маънода ёндашиш юртимизда тунда юриш зўравонлик қурбони бўлишга сабаб бўлади, деган мутлақо нотўғри қарашларнинг шаклланишига, оқибатда мамлакатимизда ўрнатилган қонун устуворлиги ҳақида янглиш фикр пайдо бўлишига олиб келади.

Хулоса битта – шахснинг эркинлигига тажовуз қилинган ва жиноят содир этган шахслар қонун олдида жавоб бериши муқаррар.

Ўзбекистон Республикасининг Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси ва Олий Мажлис Сенати Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ушбу жиноят иши юзасидан мутасадди идоралар томонидан зарур чоралар кўрилишини назоратга олади.