Хориж воқеалари қисқа хабарларда: БМТ резолюциясидан Исроил ғазабда. Истанбулда ИШИДга қарши операция. Россия муҳожирлар муддатсиз меҳнат шартномасини тақиқлаши мумкин
🔹 Исроил БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан Ғазо секторида ўт очишни тўхтатишга чақирувчи резолюция қабул қилинишига кескин муносабат билдирди. Бош вазир Бенямин Нетаняху Исроил делегациясининг АҚШга ташрифини бекор қилди. Вашингтон АҚШнинг овоз беришда бетараф қолиш қарорига рози эмаслиги бунга сабаблигини тан олади. Шунингдек, Ғазо аҳолиси резолюция матни мазмунидан ҳафсаласи пир. Фаластинликлар доимий ўт очишни тўхтатишни талаб қилмоқда.
🔹 Никол Пашинян Грециянинг Катҳимерини нашрига берган интервьюсида Арманистон ва Туркия муносабатларига тўхталди. Арманистон ва Туркия муносабатларни нормаллаштириш жараёнини бошлади, бу эса мамлакатлар ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш ва чегараларни тўлиқ очишга қаратилган, деди бош вазир.
🔹 Истанбулда ИШИДга қарши ўтказилган операция натижасида 147 нафар гумонланувчи қўлга олинган. Мамлакат ўтган йилнинг 1 апрелидан жорий йилнинг 25 мартигача ИШИДга қарши 1329 та операция ўтказган бўлиб, 2919 кишини террор ташкилотига алоқадорликда гумонлаб, қўлга олган.
🔹 Исроил мудофаа кучлари Эрон Ғазо сектори ташқарисидаги "тўрт жабҳада" яҳудий давлатига қарши кучайган "қаршилик ўқи" ҳужумлари ортида турибди, деб ҳисоблайди. Исроил армияси матбуот котиби Даниел Ҳагарининг журналга айтишича, Эрон минтақадаги барча ҳарбийлаштирилган гуруҳларни назорат қилади.
🔹 «Крокус Сити Холл»даги терактдан сўнг Россия Давлат Думаси ўлим жазосига қўйилган мораторийни бекор қилиш масаласини муҳокама қилмоқчи. Ўлим жазосини қайтариш тўғрисидаги қонун лойиҳаси тайёрлангач "нол ўқиш"ни ўтказиш бошланади. Шунингдек, мамлакат муҳожирлар билан муддати очиқ меҳнат шартномаларини тақиқламоқчи. Мигрантлар билан тузилган меҳнат шартномалари шартларини икки йилгача чеклаш таклиф қилинган.
🔹 Россиянинг Вашингтондаги элчиси Анатолий Антонов келаси ҳафта Россия Федерацияси ва АҚШ ўртасидаги икки томонлама муносабатларни муҳокама қилиш режаларини маълум қилди. Дипломатнинг сўзларига кўра, Америка расмийлари Россия элчихонасига “ўткинчи” ташриф буюрган ва "Крокус Сити Холл"даги теракт муносабати билан ҳамдардлик билдиргач, алоқалар ва икки томонлама муносабатларнинг келажаги бўйича муҳокамалар бўйича келишувга эришилган.
🔹 Венесуэлада президент Николас Мадуронинг ҳаётига суиқасднинг олди олинди. Бу унинг номзоди 2024 йилги президентлик сайловларида иштирок этиш учун рўйхатга киритилганидан кейин Каракас марказида бўлиб ўтган митингда содир бўлган.
🔹 Европа дипломатияси раҳбари Хосеп Боррел Европа Иттифоқининг 27 давлати қуролли кучларини тарқатиб, ягона армия яратиш ғоясини амалга ошириш мумкин эмаслигини айтди. “Биз 27 та армиядан воз кечиб, битта армия яратишимизга ишониш утопиядир”, деди у.
🔹 Туркияда Аккую атом электр станцияси ишчиларини олиб кетаётган автобус ҳалокатга учради, 23 киши жароҳат олган. Автобус Мерсин шаҳрида ағдарилиб кетган.
🔹 Буюк Британия бош вазири Риши Сунак мамлакат ядровий арсеналини, жумладан, атом сув ости кемаларини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар тўпламини эълон қилди. Сунак, хусусан, Барроу-ин-Фурнессда атом сув ости кемаларини қуриш билан шуғулланадиган кемасозлик заводини ривожлантириш учун 200 миллион фунт-стерлинг сармоя киритилишини маълум қилган. Бундан ташқари, Британия ҳукумати келгуси тўрт йил давомида ядровий тайёргарликка камида 763 миллион фунт-стерлинг сарфлайди.
Гулнора Холдорова тайёрлади.