Хориж воқеалари қисқа хабарларда: Эрон ядровий қурол яратишдан воз кечишга тайёр
🔹Исроил армияси Ливанга ҳужумларнинг янги тўлқини бошланганини маълум қилди. Ўз навбатида Ливандаги Ҳизбуллоҳ ҳаракати Мегиддо ҳарбий аэродроми ва Исроил ҳаво кучларининг Рамат-Девид авиабазасига ракета ҳужуми қилди.
🔹Чиқинди газларини энг кўп ишлаб чиқараётган мамлакатлар рейтинги эълон қилинди. Қатар, Саудия Арабистони, Ўмон, Тайван, Жанубий Корея ва Хитой рўйхат юқорисидан жой олди.
🔹 Украинадаги можаро келаси йил бошидаёқ тугаши мумкин. Ҳарбий ҳаракатлар тугашини Украина президенти Владимир Зеленский Нью-Йоркда АҚШ Конгрессининг икки партияли делегацияси билан учрашувда тахмин қилган.
🔹 Доналд Трамп Зеленскийни тарихдаги "энг яхши савдогар" деб атади. Унинг айтишича, ҳар гал АҚШга сафаридан кейин Украина раҳбари мамлакатни миллиардлаб доллар билан тарк этади.
🔹 Эрон Қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режаси шартларига қайтишга тайёр ва ядро қуролини ишлаб чиқишни давом эттирмайди. Бу ҳақда Эрон президенти Масуд Пезешкиан Нью-Йоркда журналистлар билан учрашувда айтди.
🔹 Россияда интернет ёки оммавий ахборот воситаларида мансабдор шахсларни ҳақорат қилганлик учун икки йилга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жиноий жазо жорий этишга тайёрланмоқда.
🔹 Қирғизистон парламентининг тегишли қўмитаси Асқар Акаевнинг мамлакатнинг собиқ президенти мақомини тиклаш ҳақидаги аризасини кўриб чиқди ва парламентга рад этишни тавсия қилди.
🔹 БМТ Бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Розмари ДиКарло Афғонистон ҳукуматидан мамлакат аёлларига нисбатан барча камситувчи чекловларни зудлик билан бекор қилишни талаб қилди.
🔹 Доналд Трамп келаси ҳафта McDonald'sда ишлаб кўрмоқчи.
🔹 Бир вақтлар Россия телевидениесининг машҳур телепати Анатолий Кашпировский 30 йил давомида ахборот майдонидан ғойиб бўлган ва АҚШда яшаган эди. Яқинда у Россияга қайтди ва яна ўзининг "шифолаш" фаолиятини бошлади.