ХТВ ўқувчини ураётган ўқитувчи видеоси юзасидан муносабат билдирди
Халқ таълими вазирлиги ижтимоий тармоқларда ўқувчини ураётган ўқитувчининг ҳолати акс этган видео юзасидан муносабат билдирди.
Мазкур видеода акс этган ҳолат анча олдин содир бўлганини ўқувчиларнинг барчаси ниқобсиз эканлигидан ҳам англаш мумкин. Видео қачон ва қайси мактабда содир бўлгани бўйича ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Агарда кимда мазкур ҳолат бўйича аниқ маълумот бўлса, Халқ таълими вазирлигига юбориши мумкинлигини, ҳолат вазирлик томонидан қўшимча ўрганиб чиқилишини маълум қилади.
Шу ўринда эслатиб ўтамиз, Халқ таълими вазирлигининг «Умумий ўрта таълим муассасасининг ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидалари тўғрисида» 2020 йил 28 майдаги 131-сон буйруғига асосан, ўқитувчи-педагоглар жамоа аъзолари ва бошқаларнинг шахсиятини ҳамда қадр-қимматини камситиши, ўзгаларга нисбатан жисмоний куч ишлатиш ёки психологик тазйиқ ўтказиши қатъиян тақиқланади.