ХТВ Янги йил байрамини нишонлаш билан боғлиқ ҳеч қандай чеклов йўқлигини маълум қилди
Аввалроқ Халқ таълими вазирлиги телеграм каналида мактабларда янги йил байрамини нишонлаш билан боғлиқ чекловлар киритилгани маълум қилинган эди.
Вазирликнинг “Болалар хавфсизлиги ҳамда турли пул йиғимларининг олдини олиш мақсадида мактабларда Янги йил байрамини нишонлаш билан боғлиқ айрим чекловлар жорий қилинмоқда” сарлавҳали хабарига асосланиб, бир қатор ОАВда ҳам бу ҳақда эълон қилинди.
Жумладан, ХТВ хабарида “Республика махсус комиссиясининг йиғилиш баёни ҳамда Халқ таълими вазирлигининг тегишли буйруғига асосан жорий йилда умумтаълим мактаблари ўқувчилари иштирокида таълим муассасалари ҳудудида Янги йил байрамини режалаштириш ва ўтказиш мумкин эмас” деб айтилган эди.
Аммо бир неча соатдан сўнг Халқ таълими вазирлиги ўзи эълон қилган чекловларни рад этиб чиқди.
“Умумтаълим мактабларида Янги йил байрамини нишонлаш билан боғлиқ ҳеч қандай чекловлар йўқ” сарлавҳали навбатдаги баёнотда вазирлик олдинги хабарни қуйидагича изоҳлайди:
"Мактабларда Янги йил байрамини нишонлаш билан боғлиқ хабарномага қўшимча изоҳ:
Халқ таълими вазирлиги томонидан умумтаълим мактабларига Янги йил байрамини режалаштириш ва ўтказиш билан боғлиқ чеклов юзасидан тегишли хати нотўғри талқин қилинганини маълум қиламиз.
Умумтаълим мактаблари ҳудудида Янги йил байрамини нишонлаш билан боғлиқ ҳеч қандай чекловлар мавжуд эмаслигини билдирамиз.
Шу билан бирга мактабларда пул йиғимлари ҳамда ота-оналарнинг эътирозларини олдини олиш мақсадида ресторан, кафе ва бошқа умумий овқатланиш шрхобчаларида мактаб ўқувчиларига Янги йил байрамини ўтказиш тавсия этилмайди.
Республика махсус комиссиясининг турли хил корпоратив байрам ва кўнгилочар тадбирларни ташкил этиш билан боғлиқ тақиқлар вазирлик, идора ва бошқа давлат ташкилотларига татбиқ этилганлигини маълум қиламиз", дейилади ХТВ хабарида.