Хусусий клиникада ўтказилган жарроҳлик амалиётларида 3 нафар бемор вафот этган
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратура «Mont Blanc» хусусий шифхонасида ўтказилган жарроҳлик амалиётидан сўнг беморлар ўлими юз берганлиги ҳолати юзасидан расмий маълумот берди.
Хабарда қайд этилишича, 2019 йил 1 августда Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида жойлашган «Mont Blanc» хусусий шифохонасида фуқаро У.Бахрановга бурун қийшиқлигини тўғирлаш юзасидан жарроҳлик амалиёти ўтказилганидан сўнг беморнинг соғлиғи ёмонлашганлиги сабабли 20 августда Россия Федерациясининг Москва шаҳрида жойлашган шифохонага ётқизилган.
Бироқ унга кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан, У.Бахранов вафот этган.
2019 йил 15 августда Қозоғистон Республикаси фуқароси Л.Апостоловага «Mont Blanc» хусусий клиникасида ташқи бурун деформацияси ва бурун тўсиғи қийшайишини тўғирлаш бўйича жарроҳлик амалиёти ўтказилган ҳамда бурун тўсиғи қийшайиши тўғирланган.
Жарроҳлик амалиётидан сўнг бемор мустақил нафас олишга ўтказилган ва унга антибактериал даъво мақсадида «цефтриаксон» дори воситаси ички қон томири орқали 1,0 мл. миқдорида юборилган.
Шундан сўнг беморнинг аҳволи кескин оғирлашган ва чуқурлаштирилган текширишлар ўтказиш мақсадида РШТЁИМга олиб борилган. 2019 йил 19 август куни марказ шифокорлари томонидан кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан, Л.Апостолова шифохонанинг жонлантириш бўлимида вафот этган.
2019 йил 24 август куни «Mont Blanc» хусусий клиникасида фуқаро Г.Шарифовага бурун соҳасида жарроҳлик амалиёти ўтказиш вақтида унга юборилган наркоз нотўғри таъсир қилиши натижасида аҳволи оғирлашган.
Оқибатда шу куннинг ўзида бемор унинг яқин қариндошлари томонидан «Аkfа medline» хусусий шифохонасига (клиник ўлим ҳолатида) олиб келинган. 26 августда шифокорлар томонидан тиббий муолажалар кўрсатилганлигига қарамасдан, Г.Шарифова шифохонанинг жонлантириш бўлимида вафот этган.
Мазкур ҳолат бўйича тўпланган ҳужжатлар Бош прокуратурада ўрганилиб, 2019 йил 12 ноябрда ЖКнинг 116-моддаси 4-қисми «а,б» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда ушбу жиноят иши бўйича Шайхонтоҳур тумани прокуратурасида дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Унинг бориши Бош прокуратура назоратига олинган.
Бундан ташқари, туман прокуратураси томонидан юқоридаги каби ҳолатларнинг келгусида содир этилишининг олдини олиш бўйича Соғлиқни сақлаш вазирилигига тақдимнома киритилган.