Янги автобуслар билан “яшил шаҳар” сари
Самарқанд халқаро туризм марказида Самарқанд шаҳридаги жамоат транспорти хизматини янада ривожлантириш, “яшил шаҳар” доирасида жамоат транспортини технологик янгилаш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган тақдимот ўтказилди.
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов, Транспорт вазирлиги департаменти бошлиғи Руслан Рўзметов ҳамда “Yutong bus” компаниясининг Марказий Осиё бўйича сотув бўлими бошлиғи Янг Ҳу сўзга чиқиб, ўзаро ҳамкорлик алоқалари, истиқболдаги режаларга тўхталди.
- “Yutong bus” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган замонавий автобуслар 2012 йилдан буён мамлакатимиз транспорт тармоғида самарали хизмат кўрсатмоқда, - дейди Руслан Рўзметов. – Дастлаб компания автобусларидан туризм соҳасида фойдаланилган бўлса, бугунги кунга келиб жамоат транспортида ҳам кенг жорий этилмоқла. Хусусан, Тошкент шаҳри жамоат транспортини ривожлантириш мақсадида олиб келинган замонавий автобусларнинг 800 таси “Yutong bus” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган. Энг муҳими, ушбу автобусларнинг 300 таси электробус бўлиб, бугунги кунда катта шаҳарларда амалга оширилаётган “яшил шаҳар” режасига тўла жавоб беради. Ушбу транспорт воситаларининг ҳар томонлама қулайлиги боис, Самарқанд шаҳрида ҳам жамоат транспортини ривожлантириш борасида бошланган ислоҳотлар жараёнида йўналишлардаги автобусларни электробусларга алмаштириш кўзда тутилган.
Шу асосда Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликда эълон қилинган лойиҳа тендерида “Yutong bus” компанияси ғолиб бўлди. Келишувга кўра, 350 та электробус олиб келиниши кўзда тутилган бўлиб, жорий йилда 100 та замонавий электробус Самарқанд шаҳри жамоат транспорти учун етказиб берилиши белгиланган. Айни пайтгача 6 дона электробус келтирилган. "Yutong bus" билан ҳамкорлигимиз фақатгина ушбу билан чекланиб қолмайди, албатта. Нукус ва Наманган шаҳарларида ҳам “Yutong bus” электробуслари жамоат транспортига жорий этилади.
2012 йилдан мамлакатимиз транспорт тизимига кириб келган “Yutong bus” компанияси автобуслари қисқа вақт ичида транспорт хизмати ва туризм соҳаси вакилларининг ишончини қозонди. Бугунги кунда ушбу соҳаларда бу автобуслардан кенг фойдаланилмоқда.
Тадбир давомида “Yutong bus” компанияси томонидан шаҳарлараро ва туристик хизматлар учун мўлжалланган янги авлод автобуслари тақдимоти ўтказилди.
- Ўзбекистон транспорт бозорида 10 йилдан бери фаолият юритиб келяпмиз, - дейди “Yutong bus” компаниясининг Марказий Осиёдаги бўлими бошлиғи Янг Ҳу. – Бу вақт орлағида ўзбекистонлик ҳамкорларимиз билан самарали алоқаларни йўлга қўйдик. Бугунги кунда Тошкент шаҳрида компаниямизда ишлаб чиқарилган 300 та электробус ва газда ҳаракатланадиган 500 та табиий автобус аҳолига сифатли хизмат кўрсатиб келмоқда. Албатта, сифатли маҳсулотга талаб ортади. Биз ҳам айни шу мақсадда автобусларимизни замон талабларига мос тарзда такомиллаштириб бормоқдамиз. Бугун тақдим қилинган янги авлод автобусларимиз ҳар жиҳатдан – камхарж, чидамли, хавфсиз бўлганлиги боис ҳамкорларимизга маъқул келади, деб ўйлайман. Айни пайтда мамлакатда компаниямиз ишлаб чиқарган автобусларга техник хизмат кўрсатиш ҳам долзарб масала бўлиб турибди. Бу борада ҳам мақсадли режаларни амалга оширяпмиз. Бугунги кунда компаниямиз томонидан 20 нафар малакали мутахассис Ўзбекистонда техник хизмат кўрсатиш ишларини олиб бормоқда. Самарқанд жамоат транспортида ҳам йирик лойиҳани амалга оширяпмиз. Бунинг учун шу ерда техник хизмат кўрсатиш маркази ташкил қилиниши зарур. Шу мақсадда маҳаллий ҳамкорларимиз биргаликда амалий ишларни бошлаганмиз.
Тадбир давомида янги моделларнинг техник имкониятлари, хизмат кўрсатиш, харидларни амалга ошириш бўйича тақдимотлар намойиш этилди.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.