Янги ҳафта учун об-ҳаво маълумоти: ҳарорат бироз пасая бошлайди

"Ўзгидромет" хабарига кўра, 27 июлдан республиканинг шимолий ҳудудларига ғарбий Қозоғистон орқали Волгабўйи ҳудудидан нисбатан салқин ҳаво массаси кириб келади, жануби-шарқий ҳудудларда нисбатан иссиқ об-ҳаво сақланиб туради.

Ҳаво ҳарорати бироз пасаяди ва +37...+40 даража, баъзи жойларда, жанубда +42 даражагача, шимолда +34...+37 даража атрофида бўлади.

Кейинги кунларда салқин ҳаво массаси республиканинг барча ҳудудига тарқалади.

Ҳафта давомида ҳарорат аста-секин пасаяди ва жума кунига
келиб +33...+35 даражани ташкил этади ва меъёрий қийматларга яқинлашади, баъзи ҳудудларда эса июль ойи охири учун бўлган ўртача кўп йиллик қийматлардан 2-3 даража паст бўлади.

26-27 июль кунлари республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 17-22 м/с гача кучайиши кутилмоқда, айрим ҳудудларда чангли бўрон билан 25-30 м/с гача кучайиши мумкин.