Янги китоблар: Нусрат Раҳматдан “Сайланма”

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, ёзувчи, биринчи даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳиби Нусрат Раҳмат бизга “Буни ҳаёт дебдилар”, “Жадид” романлари, “Асқад Мухтор дедилар”, “Калвак Махсум номалари”, “Мен редакцияданман” каби китоблари билан яхши таниш.

Яқинда адиб барча асарларини жамлаб, уч жилдлик “Сайланма”сини нашрга тайёрлади. Унинг биринчи жилди чоп этилиб, ўқувчилар қўлига етиб борди. Унга “Фожиа”, “Айиқ эргаштирган амаки”, “Номаълум одам ҳикояси”, “Нохуш хаёллар”, “Фақат хўроз ҳақидамас”, “Санаторияда” сингари ўнлаб ҳикоялари ҳамда кейинги йилларда ёзган долзарб мавзудаги мақолалари киритилган.

Самарқанд шаҳридаги “Маҳорат” нашриётида чоп этилган “Сайланма”дан ўрин олган асарлар воқеа ва бадиий тўқималарнинг моҳирона тасвирлангани билан сизни мутолаа қилишга чорлайверади.

***

«Мунгли кўзлар»

Тоғаймурод Шомуродовни самарқандликлар иқтидорли журналист сифатида билади. Шу вақтга қадар унинг «Жоннинг ҳузури», «Хотинидан қўрқмайдиган одам», «Осмон қулаган кун», «Замин фарзанди», «Кечиккан узр»  каби китоблари нашр этилган.

Яқинда ижодкорнинг «Мунгли кўзлар» китоби нашр этилди. Китобда муаллифнинг йигирмага яқин ҳикояси, мулоҳазалари ва бошқа тиллардан қилган таржималари ўрин олган. «Нон», «Хотира маросими», «Ўгай она», «Опа», «Тақдир туҳфаси», «Унутилган васият» ҳикояларида инсоний муносабатлар, инсон иродасининг ҳаёт синовларида тобланиши  замондошларимиз бадиий қиёфасида акс этса, «Қалай, тўй зўр ўтдими?», «Лақаб замирида камситиш бор», «Ободончилик фуқаролар фаоллигидан бошланади», «Она тилимизга лоқайд бўлмайлик» каби мақолаларда турмушимизнинг бугунги кундаги оғриқли масалалари ҳақида фикр юритилган.

Китобда, шунингдек, табиатнинг сирли мўъжизалари, афсонага айланган тарихий ҳақиқатлар тўғрисидаги таржималар ҳам ўрин олган бўлиб, китобхон тафаккурини кенгайтириши, ўтмишга оид билимларини бойитиши шубҳасиз.

Толиб ЖЎРАЕВ.