Янги ўқув йилидан бошлаб Самарқанддаги мактабларда Сингапур тажрибаси қўлланилади
Вилоят педагогик маҳорат марказида Сингапурнинг Marshall Cavendish Edication ташкилоти билан ҳамкорликда “Муваффақиятли ислоҳотлар юқори натижалар” мавзусида беш кунлик семинар-тренинг бошланди.
- Янги ўқув йилидан Сингапур тажрибаси мактабларда қўлланилади, - деди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бўлим бошлиғи Жўрабек Эшмуродов. - Масалан, ўқитувчининг дарс таҳлилида унинг хато ва камчиликларини айтиб, уни хафа қилмасдан, аксинча методик йўл билан тўғри тушунтириш орқали ўқитувчига йўналиш берилади. Ёки мактаб директорлари энди ўқитувчи ва ўқувчиларга бошлиқ сифатида узоқдан муомала қилмасдан ва ўртага воситачи қўймасдан ҳар бир ходим ва ўқувчи билан ўзи самимий гаплашади.
Семинар-тренингни Тошкент шаҳрида малака ошириб келган 25 нафар тренер олиб боради. Унда 50 нафар мактаб директори, 50 нафар аниқ фанлар ва 80 нафар табиий фанлар ўқитувчиларининг халқаро таълим дастурлари асосида малакаси оширилади.
Тадбирда “Замонавий таълимнинг тузилиши”, “Сингапур таълим тизимининг самарали томонлари”, “Истиқболли ўқув дастури”, “Менинг мактабим учун XXI аср натижаларини аниқлаш” ва бошқа мавзуларда маҳорат дарслари ташкил этилади. Ушбу жараён 19-24 август кунлари туман (шаҳар)лардаги 16 та таянч мактабларида босқичма-босқич усулда давом эттирилиб, 3816 нафар педагог тренерлар томонидан ўқитилади.