Янги Ўзбекистон тараққиётининг йўл харитаси
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва халққа йўллаган навбатдаги Мурожаатномаси мамлакат ҳаётида муҳим сиёсий воқеа сифатида тарихга кирди.
Ушбу Мурожаатнома Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, келгуси тараққиёт йўналишларини белгилаб берди.
Президент ўз нутқида ўтган йилларда амалга оширилган ишларга холис баҳо бериб, олдинда турган устувор вазифаларни аниқ белгилаб берди. Асосий эътибор иқтисодий барқарорлик, ижтимоий адолат, давлат бошқарувини такомиллаштириш ва инсон қадрини улуғлаш масалаларига қаратилди.
Мурожаатномада давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш масаласига алоҳида урғу берилди. Давлат органлари фаолиятида очиқлик, шаффофлик ва жавобгарлик устувор бўлиши кераклиги таъкидланди.
Мурожаатномада давлат бошқарувини ислоҳ қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Давлат идоралари халққа хизмат қилиши, ҳар бир амалдор ўз фаолияти учун жавобгар бўлиши кераклиги қатъий таъкидланди.
Айниқса, бюрократияни қисқартириш, давлат хизматларини рақамлаштириш, фуқаролар мурожаатларига тезкор жавоб бериш, суд-ҳуқуқ тизимида адолатни таъминлаш каби вазифалар давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланди.
Айтиш керакки, кейинги йилларда соҳаларни рақамлаштириш орқали инсон омилининг қисқариши, шаффофликни таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, адлия тизими тўлиқ рақамлаштирилиб, хизмат кўрсатиш бир қатор бюрократик босқичлардан халос бўлди. Бу жараённинг бошқа соҳаларга ҳам татбиқ этилиши аҳолининг кўплаб муаммоларига ечим бўлади, қолаверса, коррупциянинг олди олинади.
Коррупцияга қарши кураш масаласи ҳам Мурожаатноманинг марказий нуқталаридан бири бўлди. Президент бу иллатни мамлакат тараққиётига жиддий тўсиқ сифатида баҳолаб, унга қарши муросасиз кураш давом эттирилишини қатъий таъкидлади.
Президент Мурожаатномасининг энг муҳим жиҳати инсон манфаатларини устувор қўйиш ғоясидир. Таълим, тиббиёт, ижтимоий ҳимоя, ёшлар ва хотин-қизлар масаласи давлат сиёсатининг марказида экани алоҳида қайд этилди.
Мактаб ва олий таълим сифатини ошириш, тиббий хизматни такомиллаштириш, аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ вазифалар белгиланди. Маҳалла институтининг роли янада кучайтирилиши эса жамиятда ижтимоий барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.
Президент Мурожаатномаси — Янги Ўзбекистон тараққиётининг аниқ йўл харитасидир. Унда белгилаб берилган вазифалар халқ фаровонлигини ошириш, адолатли жамият барпо этиш ва мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлашга қаратилган.
Бу мурожаатнома ҳар бир фуқарони бефарқ бўлмасликка, Ватан равнақи йўлида фидойи бўлишга ундайди. Шубҳасиз, белгиланган мақсадлар амалга ошса, Ўзбекистон янада кучли, барқарор ва фаровон давлатга айланади.

Инобат Бобоқулова,
вилоят Кенгаши депутати.