Янги Солиқ кодексида давлат ва фуқаро манфаати қанчалик уйғунлашган?
Янги таҳрирдаги Солиқ кодексида солиқ қонунчилигини имкон қадар соддалаштириш назарда тутилган. Қуйида кодексдаги суд билан боғлиқ ўзгаришлар ҳақида фикрлашамиз.
Таъкидлаш лозимки, янги кодексда солиқ қарзи ундирувини таъминлашнинг амалдаги механизми сақлаб қолингани ҳолда солиқ қарзини дебиторлар маблағлари ҳисобидан ундириш механизмидан воз кечилган. Шунингдек, солиқ тўловчининг мулкини суд қарори бўйича, лекин солиқ тўловчи томонидан солиқ қарздорлиги тан олинганда – солиқ органининг қарори бўйича хатлаш механизми жорий этилмоқда.
Солиқ қарзини хўжалик субъектларининг мол-мулки ҳисобидан улар томонидан қарздорлик тан олинганда солиқ органи томонидан ундириш, рози бўлмаганида суд қарори асосида қарор қабул қилиш ҳуқуқини бериш, солиқ тўловчининг мулкини бегоналаштиришга тақиқ қўйиш механизмларини жорий этиш назарда тутилган. Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари принциплари қайд этилгани ҳолда қонун ҳужжатларида бартараф этиб бўлмайдиган қарама-қаршилик ва ноаниқликларнинг солиқ тўловчи фойдасига ҳал этилиши ҳам белгиланган.
Бундан ташқари, солиқ бўйича низоларни судгача ҳал этиш тартиби очиб берилган. Солиқ билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик турига қараб жавобгарлик чоралари белгиланиши билан бирга солиқ органларининг ҳам жавобгарлиги кучайтирилган.
Кодекснинг қабул қилиниши солиқ қонунчилик нормаларини қўллашни соддалаштириб, зиддиятлар ва тафовутларни бартараф этиб, инсофли солиқ тўловчилар ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтиради.
Камолиддин ТЎХТАЕВ,
Тойлоқ туманлараро иқтисодий суди раиси.