0,50 нимани билдиради, у қандай ҳисобланади?

Zarnews.uz да кўчмас мулкка қўлланиладиган солиқ коэффициентлар маълумот берилди. Унга кўра, Қўшработ, Пахтачи ва Нуробод (0,50) туманларида энг паст миқдор белгиланиши кутилмоқда, дейилди.
Айтинг-чи, 0,50 нимани билдиради, у қандай ҳисобланади?

Ўрол Хўжаев,
Нуробод тумани.

***

Саволга вилоят давлат солиқ бошқармаси бош инспектори Валишер Темиров жавоб берди:

- Солиқ кодексининг 412-моддасига асосан, юридик шахсларнинг мол-мулк солиғини ҳисоблаб чиқариш мақсадида Солиқ кодекси 411-моддаси иккинчи қисмининг 1-бандида назарда тутилган объектларга нисбатан солиқ базаси 1 квадрат метр учун мутлақ миқдорда белгиланган энг кам қийматдан паст бўлиши мумкин эмаслиги белгилаб берилган.

Бу Тошкент шаҳри учун 2 миллион 500 минг сўм, Нукус шаҳрида ва вилоят марказлари учун 1 миллион 500 минг сўм, бошқа шаҳарларда ва қишлоқ жойлар учун 1 миллион сўм этиб белгиланган.

🔹Шунингдек, мазкур моддага асосан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари вилоятлар Кенгашлари томонидан аниқлаштирилган, яъни 0,50 ҳамда 0,75 коэффициентлар қўлланилган ҳолда аниқ солиқ ставкалари белгилаб берилган. Масалан, жорий йил учун ушбу миқдор Қўшработ тумани учун 0,50 коэффициент қўлланилиб, 500 минг сўмни ташкил этади ёки Самарқанд тумани учун 0,75 коэффициент белгиланиб, 750 минг сўмни ташкил қилади.