Икки ойда Самарқанддаги қурилишларга қанча маблағ сарфланган?
Вилоят статистика бошқармаси маълумотларига кўра, шу йилнинг январь-февраль ойларида 1 триллион 655,5 миллиард сўмлик қурилиш ишлари бажарилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 112 фоизга кўп.
Хўш, бу триллионлар қаерга сарфланган?
Энг катта ҳажм йўллар, кўприклар, магистрал қувурлар қурилишига тўғри келган. Бунда 910,7 миллиард сўмлик иш бажарилиб, ўтган йилга нисбатан 25 фоиз кўп иш бажарилган. Бино ва иншоотлар қурилишига 700,2 миллиард сўм йўналтирилган.
Жорий йилнинг дастлабки икки ойи рақамлари шуни кўрсатмоқдаки, уларда кичик корхоналар ва микрофирмалар етакчилик қилган. Яъни, 1 триллион 39,7 миллиард сўмлик иш бажарилган.
Йирик қурилиш ташкилотлари томонидан 247,5 миллиард сўмлик ишлар амалга оширилган бўлса, аҳоли томонидан уй-жой қуриш ҳажми 368,3 миллиард сўмни ташкил этган.
Йирик қурилишларда юқори ўсиш Пахтачи туманида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 10 марта ортган. Иштихон туманида 142 фоиз ва Қўшработ туманида 137,6 фоиз ўсиш қайд этилган.
Кичик корхоналар бўйича фаоллик, Самарқанд шаҳрида 114,9 фоиз, Нарпай туманида 114,3 фоиз ва Тойлоқ туманида 113,5 фоизга ўсиш кузатилган.
Аҳоли томонидан бажарилган қурилиш ишлар йўналишида Каттақўрғон шаҳри 158,6 фоиз ва Жомбой тумани 156,5 фоизга ўсиш билан етакчи.