Алимент ва хорижга чиқиш: суғурта полиси янги ечим

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда алимент мажбуриятлари ва фуқароларнинг эркин ҳаракатланиш ҳуқуқи ўртасидаги мувозанатни таъминлаш масаласи долзарб бўлиб келаётган эди. Айниқса, алимент тўловчи шахсларнинг хорижга чиқишига қўйилган чекловлар кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган.

Амалдаги тартибга кўра, алимент тўловчи шахс чет элга чиқишдан олдин ўз мажбуриятларини таъминлаши шарт эди. Бу эса аксарият ҳолларда камида 5 йиллик алиментни олдиндан тўлаш ёки қимматбаҳо мулкни гаровга қўйиш орқали амалга ошириларди. Табиийки, бундай талаблар ҳар доим ҳам барча учун қулай бўлавермасди.

Янги ёндашув: суғурта орқали кафолат

2025 йилда 26 ноябрдан жорий этилган янги тартиб мазкур муаммога замонавий ечим таклиф қилди. Энди алимент тўловчи шахс 3 ойгача хорижга чиқиш учун махсус суғурта полиси расмийлаштириш орқали чекловни вақтинча бекор қилдириши мумкин.

Янги механизмга кўра, агар алимент тўловчи хорижга чиқиб кетиб, ўз мажбуриятини бажармаса, унинг ўрнига суғурта компанияси тўловни амалга оширади. Шу тариқа, давлат бола манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатини сақлаб қолган ҳолда фуқарога ҳаракатланиш имкониятини ҳам беради.

Қандай ишлайди?

Суғурта полиси лицензияга эга бўлган суғурта компанияси томонидан расмийлаштирилади. Мазкур компаниялар ва Мажбурий ижро бюроси ўртасида тузилган келишув асосида шартлар белгиланади.

Шундан сўнг:

- давлат ижрочиси қарздорнинг чиқишига қўйилган чекловни вақтинча тўхтатади;

- қарор электрон тизим орқали тегишли идораларга юборилади;

- фуқаро белгиланган муддатга хорижга чиқиш имконига эга бўлади.

Илгари амал қилган тизимда алимент тўловчи катта миқдорда маблағни олдиндан тўлаши ёки қимматбаҳо мулкни гаровга қўйиши талаб этиларди.

Янги тизим эса:

- катта молиявий юкни камайтиради;

- тезкор ва қулай ечим таклиф қилади;

- суғурта орқали кафолат механизмини жорий этади.

Бу янгилик нафақат алимент тўловчи, балки алимент олувчи учун ҳам муҳим.

Масалан, тўловчи учун хорижга чиқиб ишлаш, даромад топиш ва қарзни ўз вақтида тўлаш имконияти пайдо бўлади.

Бола ва оила учун алимент тўланмай қолиш хавфи камаяди — чунки суғурта компанияси кафолатчи сифатида иштирок этади.

Суғурта полиси механизмининг жорий этилиши алимент тизимида муҳим бурилиш бўлди. У аввалги каби фақат чеклов ва жазога асосланган ёндашувни эмас, балки кафолат ва таъминлаш тамойилини илгари суради.

Энг муҳими, янги тартиб фуқаронинг меҳнат қилиш ҳуқуқини чекламайди, бир вақтнинг ўзида бола манфаатларини ишончли ҳимоя қилади. Бу эса замонавий ҳуқуқий тизимда мувозанатли ва амалий ечим сифатида баҳоланмоқда.

Фурқат АНОРОВ,

Самарқанд вилояти суди судьяси.