Самарқандда Индонезия маҳалласи иш бошлади

Самарқанд вилояти ҳокими бошчилигидаги вилоят делегациясининг Индонезияга ташрифи давомида " EGI Resources" компанияси билан имзоланган ҳамкорлик меморандумидан келиб чиқиб, Имом Бухорий мажмуаси яқинида янги туризм объекти – “Kampung Indonesia” (Индонезия маҳалласи) ўз фаолиятини бошлади.

Мазкур лойиҳа Индонезиялик ташриф буюрувчиларга мўлжалланган бўлиб, бу ерда миллий анъаналарга мос хизматлар йўлга қўйилган. Комплекс таркибида замонавий ва қулай меҳмонхона, шунингдек, Индонезия миллий таомларини таклиф этувчи ресторан фаолият юритади. Бу эса меҳмонларга ўз юртидаги муҳитни ҳис этган ҳолда Самарқанд зиёратини амалга ошириш имконини беради.

“Kampung Indonesia” концепцияси доирасида нафақат яшаш ва овқатланиш, балки маданий муҳитни яратиш ҳам устувор вазифа этиб белгиланган. Интерер ва сервисда Индонезия миллий услуби акс эттирилган бўлиб, бу меҳмонларда ўзига хос илиқлик ва яқинлик ҳиссини уйғотади.

Мазкур лойиҳа Ўзбекистон ва Индонезия ўртасидаги туризм алоқаларини мустаҳкамлаш, айниқса, зиёрат туризми йўналишида ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади. Шунингдек, бу каби ташаббуслар Самарқандни мусулмонлар учун янада жозибадор маскан сифатида ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.