Янгини эски асрайди

Оила бюджетини шакллантириш, ундан оқилона фойдаланиш рўзғор бутлиги, хонадон фаровонлигини таъминлайди. Пул топиш қийин, сарфлаш осон. “Ҳисобни билмаган ҳамёнидан айрилар”, “Кўрпангга қараб оёқ узат” деган мақоллар бежиз айтилмаган.
Худога шукур, халқпарвар давлатимиз ғамхўрлигида тинч, тўқ яшаяпмиз. Топиш-тутиш, ейиш-ичиш, кийиниш, тўй-томоша, уй-жой, енгил машина деганларидан камчилигимиз йўқ. Аммо минг машаққат билан топилган пулимиз, харид қилган буюмларимизни тежаб ишлатиш, исроф бўлишининг олдини олишда андак бепарволигимиз ҳам бор гап. Ориятли, ғурурли халқмиз. Яна озроқ шуҳратпарастлик, манманлик, бошқалардан бой-бадавлатлигимизни кўрсатишга мойиллигимиз ҳам кўп панд беради. Бироқ “бош ёрилса, дўппи тагида”. Сир бой бермаймиз.
Юз миллион сўмни икки соатда ҳавога совуриб, тўй қилаётганимизни айтмай қўя қолайлик. Бу ҳақда айтилмаган гап ҳам, мулоҳаза, танбеҳ, танқид ҳам, давлат қабул қилган қарор, қонун ҳам қолмади. Мен оила бюджетидан фойдаланишда бошқа “майда-чуйда, икир-чикирлар” ҳақида мулоҳазамни баён қилмоқчиман. Болажон халқмиз. Ўзимиз емай фарзандларимиз есин, биз киймай фарзандларимиз кийсин, деймиз. Бу яхши фазилат. Баъзан қуюшқондан чиқиб кетишимиз, сарф-харажатда қўлимизни бироз калта қилиб қўяди. Айниқса, болаларни кийинтириш масаласи оила бюджетининг қутини учиради. Сабаби, болалар ҳар мавсумда янги кийим кийишни истайди. Ваҳоланки, устки кийим дейсизми, оёқ кийим, спорт формаси дейсизми бир марта кийилганича ҳали охори тўкилмай туради.
- Болалар омон бўлсин, - дейди Маматқул ака. - Баъзан сал эркалатиб қўйяпмизми, деб ўйлаб қоламан. Оғзидан чиққанини муҳайё қиляпмиз. Кеча ашғол-дашғол турадиган чордоққа чиқсам, ишонасизми, йўқми, бир халта оёқ кийим, яна бир бўғча яп-янги куртка, шим, жемпер, трико уюлиб ётибди. Бир марта кийилиб улоқтирилаверган, янгисини олиб бераверганмиз. Ҳисоблаб кўрсам, кам-камдан каттагина маблағ исроф бўлибди. Бунинг устига болалар буюмлари ҳаддан ташқари қиммат. Барибир харид қилишади, деб ўйлашса керак-да!
Янгини эски асрайди, деган гапни японлар кўп такрорлашар экан. Саноатда чиқиндисиз технологияга амал қилинаётганидек, оилаларда ҳам ушбу ақидага амал қилинар экан. Болаларга кийим торлик қилиб қолса, кичикларга мослаштириб берилади. Батамом эскирган кийим-кечаклардан чиройли кўрпача, гул-тувак, чойнакларга таглик тикилади. Ҳатто бўшаган пластмасса бакалашкалардан деворга осма гултувакчалар ясалганини кўрсатишди.
Бундай тежамкорликни асло хасислик, деб ўйламаслик керак. Унинг тарбиявий аҳамияти ҳам катта. Фарзандлар пешана тери билан топиладиган пул жуда қадрли эканлигини, унга сотиб олинадиган кийим-кечаклар, уй-рўзғор буюмларини авайлаб, тежаб-тергаб ишлатишни ўрганишади. Эсимда, ўтган асрнинг 50-йилларида бутун бир авлод тенгдошларимиз катталар, акалари, опаларининг мактаб жилди, пальтоси, бошқа кийимларини кийиб катта бўлишди. Тўғри, у қашшоқлик замонлар ортда қолди. Дориламон кунлар келди. Моддий истеъмол ноз-неъматлар, замонавий урф, кийим-кечаклар кўпайди. Бироқ булар исрофгарчиликка сабаб бўлмаслиги лозим.
Албатта, пулни ким, қандай топади, нимага сарфлайди, совурадими, қовурадими, ўзининг шахсий иши. Аммо инсон ақл-заковати билан яратиладиган моддий неъматларни исроф қилмасдан, тежаб ишлатиши, рўзғор юритишда оқилона иш тутиши юксак маънавиятга хос фазилат эканлигини унутмайлик.
Тоғаймурод ШОМУРОДОВ.