Йил охиригача Самарқандга қанча сайёҳ келади?
Хорижлик сайёҳларнинг Самарқандда қолиши ўртача 2,7 кунни ташкил этади ва ҳар бир сайёҳ кунига ўртача 85 доллардан 250 долларгача маблағ сарфламоқда.
- Жорий йил охиригача вилоятимизга 4,7 миллион нафар маҳаллий ва 2,5 миллион нафар хорижий сайёҳ келиши кутилмоқда, - дейди вилоят туризм бошқармаси бошлиғи ўринбосари Д.Нарзиқулов. - Шу йилнинг январь-март ойларида Самарқандга 460 минг нафарга яқин маҳаллий ва 339 минг нафар хорижий сайёҳ келди. Йил якунига қадар умумий қиймати 751,1 миллиард сўмлик 55 та янги лойиҳа ишга туширилиб, 1 087 та янги иш ўрни, шунингдек, туризмга ёндош хизмат кўрсатиш объектларида 3,5 мингдан ортиқ қўшимча иш ўринлари ташкил этилади.
Жумладан, Нуробод тумани Оқсой маҳалласида “Самарканд канат йўллари” хусусий корхонаси томонидан 10 гектар майдонда қиймати 13,5 миллион долларлик сайёҳларга хизмат кўрсатиш маркази, узунлиги 1,5 километр бўлган осма-дор йўли лойиҳаси фойдаланишга топширилади. Натижада 200 та янги иш ўрини яратилади ва бир вақтнинг ўзида 800 нафар сайёҳга хизмат кўрсатилади.
Самарқанд шаҳрида эса "Qorako'l Stroy Engineering" МЧЖ томонидан қиймати 30 миллион долларлик 300 ўринли меҳмонхона ва ресторан, кафе ҳамда савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталари фойдаланишга топширилади. Шунингдек, Ургут туманининг Терсак, Бешкон, Қоратепа, Омонқўтон Еттиуйлик, Чорчинор, Хўжайдуқ маҳаллаларида 2024-2025 йилларда умумий қиймати 13,3 миллиард сўмлик лойиҳалар ишга туширилади.