Йўл ҳаракати қоидасини бузган ЙҲХББ ходимига чора кўрилди

Жорий йилнинг 1 декабрь куни ижтимоий тармоқда «ИИО ходими қоидани бузди» сарлавҳаси остида хабар тарқалди.

Хабардаги фотосуратда Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБга тегишли бўлган «Кобальт» русумли, 01 534 VSC давлат рақам белгили махсус хизмат автомобили йўл ҳаракати қоидаларининг 91-бандини бузган ҳолда 1.4 (тўхташ тақиқланган жойни билдиради, якка ҳолда ёки 3.27 «тўхташ тақиқланган» йўл белгиси билан қўлланилади ҳамда йўлнинг қатнов қисми четига ёки йўл четидаги тўсиқ устидан чизилади) йўл ётиқ чизиғи чизилган жойда тўхтаб турганлиги акс этган.

Мазкур ҳолат ўрганилди ва «Кобальт» русумли, 01 534 VSC давлат рақам белгили махсус хизмат автомобили бириктирилган Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходими Б.М.га нисбатан белгиланган тартибда чора кўрилди. Бу ҳақда ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати хабар берди.