Ёш журналист кадрларни тайёрлаш: муаммо ва истиқболлар

Вилоят Матбуот уйида шу мавзуда тадбир ўтказилди.

Унда Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фармон Тошев, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Акрам Ҳайдаров, вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Манноб Ибодуллаев, “Овози Самарқанд” газетасининг бош муҳаррири Баҳодир Раҳмонов ҳамда вилоятда фаолият юритаётган журналистлар, олий таълим муассасалари талабалари иштирок этди.

Дастлаб журналистика соҳасининг жамиятдаги ўрни ва бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритилди.
Таъкидланишича, “Овози Самарқанд” газетаси қошидаги “Ёш журналистлар маҳорат мактаби” 1994 йилда ўз фаолиятини бошлаб, бугунги кунга қадар 150 нафарга яқин тингловчи таҳсил олган. Ҳозирда уларнинг кўпчилиги республика ва вилоят босма оммавий ахборот воситаларида, телевидение ва радиоларда фаолият кўрсатиб келмоқда.

Мазкур маҳорат мактаби эса 2023 йил октябрь ойида ўз фаолиятини бошлаб, вилоятда фаолият кўрсатаётган тажрибали ва таниқли журналистлар 6 ой давомида тингловчиларга дарс ўтиб, ўз билим ва тажрибалари билан ўртоқлашди, журналистиканинг сир-асрорлари ҳақида маълумот берди.

Қайд этиш жоизки, “Ёш журналистлар маҳорат мактаби” тингловчилари томонидан олти ой давомида “Овози тожик”, “Овози Самарқанд”, “Самарқанд” газеталари, шунингдек, “Дурдонаи Шарқ” илмий, адабий ва маданий журналида 100 дан ортиқ мақола ва хабарлар чоп этилди. Шунингдек, “Овози Самарқанд” газетасида тингловчиларнинг танқидий-таҳлилий, мулоҳазали материаллари жамланиб, етти марта «Навқалам» саҳифаси тайёрланди.

– “Ёш журналистлар маҳорат мактаби” ўз шогирдлари фаолияти учун тажриба мактабидир, - деди маҳорат мактаби тингловчиси Юсуф Ғаффоров. - Бу мактабда ўрганган кўникмаларимиз келажакда ҳаёт йўлимизда албатта қўл келади.
Тадбир давомида 15 нафар тингловчига «Ёш журналистлар маҳорат мактаби»ни муваффақиятли тугатганлиги тўғрисидаги сертификатлар топширилди.

Асалой Сархатзода,
“Ёш журналистлар маҳорат мактаби” тингловчиси.