«Ёш китобхон» танловидан кўнглим қолди

Яқинда барча вилоятларда танловнинг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Унда мен каби дастлабки саралаш ва туман босқичидан ўтган ёшлар иштирок этди. Бу ерда ташкилотчиликдаги энг қўпол камчиликлардан бири шуки, туман босқичи бир кунда ўтказилмади.

Масалан, аввал Нарпай туманида, кейин Каттақўрғон, Пахтачи туманларида бўлиб ўтди.

Шунинг учун дастлаб танлов бўлиб ўтган тумандаги қатнашчилар кейинги тумандагиларга саволларни бўлишиш имконига эга бўлди. Чунки туман босқичининг иккинчи шартида тузилган саволлар айнан бир хил. Бундан кўринадики, танловга келаётган иштирокчи савол тугул жавобини ҳам билиб келади (эҳтимол, шундай бўлгандир ҳам). Ташкилотчилар, аввало, саволларни турлича қилиши, модомики бир хилдаги саволлар экан, танлов кунини бир вақтда белгилаши керак эди.

 Вилоят босқичи масаласида. Иштирокчилар уч шарт бўйича беллашди. Биринчи шарт - адиблар ҳаёти ва ижодини икки дақиқада шарҳлаб бериш. Низом бўйича бунда адибнинг туғилган ва вафот этган йилини, асарларини санаб ўтиши, адиб асарининг қисқача мазмунини баён этиши, адибни эътирофлари ҳақида гапириши лозим. 

Низом бўйича китобхонлар ёзувчи, шоирнинг ҳаёти ва ижодини гапириб беришса, ҳакамлар эътироз билдиришганига гувоҳ бўлдим. Масалан, асарларни санаб ўтишни олайлик. Айрим адибларнинг асарлари кўп, барча асарини эмас, ярмини санаб ўтса, белгиланган вақт тугайди. Ҳакамларда «Нега бошқа асарларини айтмадинг?» деган саволга ўрин қолади, керакли балл олиб ташланади (шундай бўлди ҳам). 

Асарларни шарҳлаш шарти ҳам шундай: 2 дақиқа етмайди. Агар бунда фақат битта асарини шарҳлаб вақтдан ютсангиз, қолган асарлар шарҳланмади, деган эътирозлар бўлади.

 Кўриб турганингиздек, оддий ва мантиқсиз тузилган танлов тартиби иштирокчиларни ҳаққоний баҳолаш ўрнига ҳакамларда нохолислик қилишга имкон яратади. Назаримда, бу имкониятдан ҳакамлар завқу шавқ билан фойдаланди ҳам. Ҳар ҳолда иштирокчи сифатида мен ана шу мантиқсиз талабдан азият чекдим.

Иккинчи шартда асардан парча тушади. Кейинги мантиқсизлик шундаки, айрим парчалар ниҳоятда умумий бўлиб, асарни топишда қийинчилик юзага келтирса, яна айрим парчаларда воқеалардан ташқари, асар қаҳрамонлари исми ҳам бор. Яъни, ниҳоятда осон. Бу эса иштирокчиларда турлича имконият юзага келтирди. Билимлар беллашуви эмас, лотореяга кўпроқ ўхшаб қолди бу шарт. Кимнинг омади чопса, тайёр асар қаҳрамони исми ёзилган қоғоз...

Дарвоқе, юқоридаги шартда айтилган парчани топгандан сўнг асарни уч дақиқа ичида шарҳлаш керак. Энди ўйлаб кўринг, "Граф Монте Кристо" 2 та китоб,  "Америка фожиаси" 3 та китобдан иборат. Тушунгандирсиз? Хўп, бу вақтда асосий мазмуни, ғоясини айтиш мумкиндир, лекин танлов шартида шарҳлаш айтиляпти. Айнан шарҳлаш! Кечирасизу, менда бир савол юзага келяпти: танлов шартларини ким тузган?

Кейинги эътироз. Танловнинг вилоят босқичи 20 февралдан 27 февралгача ўтказилди. Худди туман босқичларидаги каби вилоят босқичлари ҳам барча вилоятларда ҳар хил санада бўлди. Туман босқичларида йўл қўйилган камчилик яна такрорланди.

Агар ҳакамлар гуруҳи битта бўлганида тушуниш мумкин эди. Аммо ундай эмас экан. Хўп, нега бўлмаса танлов бўлиб ўтган вилоятдан саволларни бошқа вилоятларга етказиш имконияти яна яратиб берилди? Нега ёшларга ҳалол баҳсда ғолиб бўлиш имкони тўлиқ яратилмади? Нега 70-80 фоиз саволлар такрорланди?

Учинчи шарт эркин мавзу эди. Бунда ҳам бериладиган саволларга эътироз бор. Аввало, яна такрорий саволлар. Яъни, иштирокчи ўзидан олдинги иштирокчини кузата туриб ҳам ғолиб бўлиши мумкин. Чунки баъзи ҳолларда саволлар худди ўша-да! Менимча, танлов ташкилотчиларидаги саволлар базаси ўта ғарибона бўлган...

Яна бир ҳолат шуки, айнан бир хил савол барча ёш тоифасидаги иштирокчиларга тушяпти. Наҳотки, «Ёшлик» журналига оид саволга жавоб бериш барча ёшдаги ўқувчи учун эмаслигига ташкилотчиларнинг савияси (узр) етмайди?

Аслида айтиладиган эътирозлар кўп эди. Энг қўпол кўринганларини айтишимдан мақсад кейинги йилларда танловнинг пишиқ, пухта ўтказилиши. Чунки бундай камчилик ва нуқсонлар баҳолашда хатоликлар келтириши билан бирга ёш китобхонларнинг ҳафсаласини пир қилиши мумкин.

Муниса Шамсиева,

ёш китобхон.