“Ёшлар дафтари”дан чиққан йигит ойига 2 минг доллар топяпти
Ҳикоя қаҳрамони, оқдарёлик Асадбек Асланов бу ҳақда бизга сўзлаб берди.
- Икки марта университетга топширганман, етарли балл тўплай олмадим, - дейди у. – Кейин ишлаш учун акам билан бирга четга кетдик. Россияда бир йил, Туркияда 7 ой ишладим. Мусофирчилик ўзига яраша қийин экан. Кейин қишлоғимга қайтиб келиб, уйландим. Иш тополмагач, “Ёшлар дафтари”га киритилдим. Маҳалладаги ёшлар етакчиси имтиёзли кредит олиб, тадбиркорлик қилишим мумкинлигини айтди. Акам анчадан бери автомобиль ўриндиқлари учун ғилофлар тайёрлаш цехини ташкил қилиш кераклигини айтиб юрарди. Акамнинг режаси ва ёшлар етакчисининг маслаҳати билан таваккал қилиб ишга киришдим.
Асадбек 35 миллион сўмлик кредит маблағи эвазига тикув машиналари ва етарлича хом ашё сотиб олди.
Дастлаб, бозордан “Ласетти” автомашинаси ўриндиғининг ғилофини сотиб олдим ва унинг чокларини сўкиб чиқдим, - дейди Асадбек. – Ундан андоза сифатида фойдаландим. Аввалига жуда кўп адашдим, 20 дан зиёд ғилофни бузиб қўйганман. Қолаверса, хом ашёни қиммат олиб, тайёр маҳсулотларни арзон сотдим. Зарарига ишладим. Фаолиятимни тўхтатмоқчи ҳам бўлдим. Акам сабрли бўлишимни айтди. Укам ва ота-онам менга елкадош бўлди. Ҳаракат қилдим, ортга чекинмадим. Секин-аста фойда кўра бошладик.
Шундай қилиб, Асадбек “Ёшлар дафтари”дан чиқарилди. У бугунги кунда ўзи яшайдиган Пичоқчи маҳалласи хотин қизларининг 8 нафарини ишли қилди.
- Бу фаолиятни бошлаганимга эндигина икки йил бўлди, - дейди Асадбек. - Бозорни ўргандим. Кундан-кунга тажриба ошяпти. Бугунги кунда шу меҳнат ортидан ойига 2 минг доллар атрофида даромад топяпман. Қилинган фойда эвазига маҳалла марказида дўкон очдик. Шогирдлар тайёрлаяпман.
Асадбек Асланов ҳозирча отасининг ҳовлисидаги икки хонадан цех сифатида фойдаланиб келяпти. Келгусида фаолиятини кенгайтириб, йирик корхона ташкил этишни режалаштирган.
Эъзоза Мейлиева,
Тўлқин СИДДИҚОВ, Бахтиёр МУСТАНОВ (сурат).