Bizni kuzating

Арзон нарх эмас, сифат ва ишончлилик устувор бўлсин

Бугун мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан тадбиркорликни ривожлантириш, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқариш корхоналарига имтиёз ва қулайликлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тадбиркорлар учун янги имкониятлар очилиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни рағбатлантириш, ички бозорни ўзимизда ишлаб чиқарилган сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Давлат харидларида электрон скоринг тизими — тадбиркорликни ривожлантириш сари муҳим қадам

Яратилган имтиёз ва имкониятлар ҳақида гапирар эканмиз, айниқса, давлат харидлари тизимининг электрон платформалар орқали йўлга қўйилгани тадбиркорларга ўз маҳсулотларини бюджет ташкилотлари ва бошқа буюртмачиларга таклиф этиш имконини берганини алоҳида таъкидлаш мумкин. Электрон харид, давлат харидлари, электрон дўкон ва бошқа платформалар орқали кўплаб корхоналар ўз маҳсулотларини сотиш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва фаолиятини давом эттириш имконига эга бўлмоқда.

Бироқ ҳар қандай янги тизимни жорий этиш жараёнида муаммо ва камчиликлар учраши табиий. Муҳими, уларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этишдир. Афсуски, давлат харидлари тизимида узоқ вақтдан бери тадбиркорларни ўйлантириб келаётган бир масала бор: харидларда маҳсулот сифати эмас, кўп ҳолларда унинг энг арзон нархи ҳал қилувчи мезонга айланиб қолмоқда.

Энг арзон маҳсулот ҳар доим ҳам энг мақбули эмас

Оддий бир мисолни олайлик. Бир корхона буюртмачига сифатли маҳсулотни 100 сўмдан таклиф қилди. Иккинчи корхона эса сифати пастроқ маҳсулотни 99 сўмдан таклиф этди. Агар асосий мезон нарх бўлса, табиийки, иккинчи корхона ғолиб чиқади.

Бундай ҳолатда биринчи корхона ҳам рақобатдан ортда қолмаслик учун нархини 95, 90, ҳатто 80 сўмгача туширишга мажбур бўлади. Натижада тадбиркор учун сифатни сақлашдан кўра, таннархни камайтириш муҳим вазифага айланади.

Ахир корхона ишчиларга иш ҳақи тўлаши, электр энергияси, газ тўловлари, солиқлар, ижара ва бошқа харажатларни қоплаши керак. Маҳсулот нархини ҳаддан ташқари пасайтириш эса ишлаб чиқариш сифатига, ишчилар манфаатига ва корхонанинг келажагига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Халқимизда яхши гап бор: арзон беиллат бўлмас, қиммат беҳикмат эмас. Шунинг учун ҳар қандай ҳолатда ҳам маҳсулотнинг сифати, кафолати, ишлаб чиқарувчининг имконияти ва тажрибаси нарх билан бир қаторда баҳоланиши шарт.

Акс ҳолда, йиллар давомида ишлаб чиқариш тажрибасини орттирган, малакали ишчиларни сақлаб келаётган, замонавий ускуналарга сармоя киритган корхоналар арзон нарх таклиф қилаётган рақобатчилар олдида имкониятдан маҳрум бўлиб қолади.

Тадбиркорнинг ишончлилиги ҳам баҳоланиши керак

Кичик ва ўрта бизнес вакиллари давлат харидлари тизимини такомиллаштириш бўйича кўп йиллардан буён ўз таклифларини билдириб келмоқдалар. Уларнинг фикрича, ғолибни аниқлашда фақат нархга эмас, балки корхонанинг ҳақиқий имкониятлари ва ишончлилигига ҳам баҳо бериш зарур.

Жумладан, қуйидаги мезонлар инобатга олиниши мақсадга мувофиқ:

  • корхонанинг солиқ ва бошқа мажбурий тўловлардан қарздорлиги мавжуд ёки мавжуд эмаслиги;
  • ишчилар сони ва уларнинг ўртача иш ҳақи;
  • корхонанинг шу йўналишдаги иш тажрибаси;
  • молиявий барқарорлиги ва айланма маблағлари;
  • буюртмани бажариш учун зарур асбоб-ускуналар мавжудлиги;
  • илгари бажарган буюртмаларининг сифати ва ўз вақтида топширилганлиги.

Бу маълумотларнинг аксарияти тегишли давлат идораларининг электрон базаларида мавжуд. Демак, уларни идоралараро ахборот алмашинуви орқали автоматик таҳлил қилиш ва инсон омилини камайтириш имконияти бор.

Электрон скоринг — янги имкониятлар эшиги

Қувонарли жиҳати шундаки, яқинда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарор лойиҳасида айнан шу муаммоларни ҳал этишга қаратилган муҳим янгилик таклиф этилди.

Унга кўра, давлат харидлари махсус ахборот порталида иштирокчи тадбиркорлик субъектларини идоралараро ахборот алмашинуви асосида автоматик баҳолайдиган электрон скоринг тизимини жорий этиш назарда тутилмоқда.

Таклиф этилаётган тизимда тадбиркорлар тўплаган балларига қараб AAA дан D гача бўлган 10 та тоифага ажратилади. 80 ва ундан юқори балл AAA, 75 ва ундан юқори балл AA, 70 ва ундан юқори балл эса A даражасини белгилайди. Бу уч тоифа юқори ишончлилик даражаси ҳисобланади.

Энг юқори AAA даражасига эга тадбиркорларга қатор қўшимча имкониятлар берилиши таклиф этилмоқда. Жумладан, улар электрон давлат харидларида закалат ва қўшимча закалат маблағларисиз иштирок этиши, воситачилик йиғимига 50 фоиз чегирма олиши ҳамда шартномаларда 30 фоиз олдиндан тўлов белгилаш имкониятига эга бўлиши мумкин.

AA даражасига эга иштирокчилар учун закалатсиз иштирок этиш ва 25 фоиз олдиндан тўлов, A даражаси учун эса закалатнинг 50 фоизини киритиш ҳамда 20 фоиз олдиндан тўлов имконияти назарда тутилмоқда.

Яна бир муҳим жиҳати — энг яхши таклифларни танлаш ва тендерларда иштирокчиларни балл асосида баҳолашда корхонанинг ишончлилик даражасига қараб қўшимча баллар берилиши мумкин. Бу баллар электрон тизим томонидан автоматик ҳисобланади.

Скоринг натижалари портал ва тадбиркорнинг шахсий кабинети орқали ҳар куни янгиланиб бориши, баҳолашда эса охирги 365 кунлик фаолиятга оид маълумотлардан фойдаланилиши режалаштирилган. 

Бу тизимдан тадбиркорлар нимани кутмоқда?

Энг аввало, ушбу ташаббус давлат харидларида соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилиши мумкин. Солиқларини ўз вақтида тўлайдиган, ишчиларини муносиб иш ҳақи билан таъминлайдиган, ишлаб чиқариш қуввати ва тажрибасига эга корхоналарнинг имкониятлари кенгаяди.

Иккинчидан, корхоналар фақат нархни туширишга эмас, балки ишлаб чиқариш технологияларини такомиллаштириш, маҳсулот сифатини ошириш ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлашга ҳам интилади.

Учинчидан, яширин иқтисодиётга қарши курашиш, расмий иш ўринларини кўпайтириш ва ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш учун ҳам қўшимча рағбат пайдо бўлади.

Албатта, электрон скоринг тизими жорий этилганда унинг мезонлари шаффоф, холис ва барча тадбиркорлар учун тушунарли бўлиши жуда муҳим. Янги ташкил этилган, лекин истиқболли корхоналарнинг ҳам бозорга киришига асоссиз тўсиқлар пайдо бўлмаслиги керак. Баҳолаш натижаларидан норози бўлган тадбиркорларга эса ўз эътирозларини билдириш ва хатоларни тузатиш имконияти яратилиши лозим.

Энг муҳими — сифатли маҳсулот ва ҳалол рақобат

Бизнинг фикримизча, давлат харидларида электрон скоринг тизимини жорий этиш ташаббуси ўз вақтида илгари сурилган муҳим қадамдир. Агар қарор лойиҳаси амалиётга пухта ишланган ҳолда татбиқ этилса, бу кичик ва ўрта бизнес субъектлари учун янги имкониятлар эшигини очади.

Президент Шавкат Мирзиёев яқинда электротехника саноати вакиллари, соҳада фаолият юритаётган тадбиркор ва инвесторлар билан мулоқотда ҳам давлат харидлари масаласига эътибор қаратиб, илгари тадбиркорлар давлат корхоналарининг буюртмаларини тўрт-бешта алоҳида платформа орқали кузатишга мажбур бўлгани, эндиликда барча давлат буюртмалари битта платформада акс эттириладиган тизим жорий қилинганини таъкидлади. Бундан ташқари, 2017 йил 1 нвардан давлат харидлари бўйича уч йиллик режаларни олдиндан эълон қилиш бошланади. Бу тадбиркорларга талабни олдиндан билиб, ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги ускуналар харид қилиш ва инвесторлар жалб этиш имконини беради.

Давлат харидларида фақат энг арзон нархга қараб маҳсулот танлаш амалиёти қайта кўриб чиқилади. Чунки арзон импорт маҳсулотнинг кейинги эксплуатация харажатлари анча юқори бўлиши мумкин.

Шу сабаб давлат харидларида маҳсулотнинг бутун хизмат муддати давомидаги харажатларни баҳолаш тизими – “life cost” ёндашуви жорий этилади. Бунда харид нархи билан бирга электр сарфи, таъмирлаш, сервис ва фойдаланиш харажатлари ҳам ҳисобга олинади.

Давлат харидларида ғолиблик фақат энг арзон нарх таклиф қилган корхонага эмас, балки буюртмани сифатли, ўз вақтида ва кафолатли бажариш имкониятига эга ишончли тадбиркорга ҳам насиб этиши керак.

Зеро, мақсад фақат бюджет маблағларини тежаш эмас, балки ҳар бир сарфланган маблағ эвазига сифатли маҳсулот олиш, маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва тадбиркорларнинг иқтисодий барқарорлигини таъминлашдир.

Тадбиркор кучли бўлса — ишлаб чиқариш ривожланади, ишлаб чиқариш ривожланса — бозор тўлади, бозорда сифатли рақобат бўлса — халқимиз ютади. Энг асосийси, янги электрон скоринг тизими қоғоздаги яхши ташаббус бўлиб қолмасдан, амалиётда ҳам тадбиркорлар кутаётган ижобий натижаларни берсин!

 

Ўктам Саидмуродов,

“Стеклопластик” МЧЖ таъсисчиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати