Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ёшларнинг стартап лойиҳалари учун 4 миллиард сўм маблағ ажратилган

Пандемия даврида меҳнат бозорида ишсизлик даражаси 11 фоизга етди, ҳозирги вақтда эса 9,8-10 фоизгача пасайди. Аёлларнинг 33 фоизи, ёшларнинг 20 фоизи ишсиз. Ҳозиргача 55 минг ёшлар ва 18 мингдан ортиқ аёллар иш сўраб мурожаат қилди.

Бу рақамлар вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж.Ўроқовнинг ёшлар билан учрашувида айтилди.



- Вилоятимизда бир йилда 85 мингдан ортиқ туғилиш кузатилади, - дейди Ж.Ўроқов. - Лекин бизда ҳозир йилига 45 мингта иш ўрни яратилмоқда. Меҳнатга лаёқатли 1,8 миллион кишидан 510 минг нафари солиқ тўловчи ҳисобланади, қолганлари эса ёлланма ишчи ва хорижий давлатларга ишлагани чиқиб кетишган. Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш ва иш ўринлари яратиш учун имтиёзли кредитлар асосида фермер хўжаликларининг ер майдонларидан ёшларга ер ажратилиб, уларнинг бандлиги таъминланмоқда. Ишбилармонликка иштиёқи бор ёшлар тадбиркорлик кўникмаларига ўқитилмоқда. Солиштирадиган бўлсак, қўшни Қозоғистонда 1,2 миллион тадбиркор бор ва бир нафар тадбиркорга 15 нафар фуқаро тўғри келади. Бизда эса бир тадбиркорга 90 нафар фуқаро тўғри келади. Рақамлардан ҳам кўриниб турибдики барқарор фаолият юритадиган тадбиркорларимиз етарли эмас. Шу боис, беш йўналишда Самарқанднинг иқтисодий ривожланиш драйверларини ишлаб чиқдик. Булар бозорда талаб юқори бўлган ва катта импорт ҳажмига эга бўлган электротехника, кимё саноати, фармацевтика саноати, қуруқ меваларни қайта ишлаш ва экспорт қилиш ҳамда туризм йўналишларидан иборат.

Мисол учун, вилоятимизда эҳтиёждан кўра 2,5 баробар кўп қишлоқ хўжалик маҳсулоти ишлаб чиқарилади, лекин имконият бўлса-да, экспорт кам. Ёки Самарқанд шаҳрини миллион аҳоли яшайдиган шаҳарга айлантириш режалари амалга оширилмоқда. Бу нима учун керак? Бу дунё брендларини шу ерга жалб этишга ёрдам беради.

Ўтган йилги учрашувда ёшларнинг ахборот технологиялари, стартап лойиҳалари учун 4 миллиард сўм маблағ ажратилганини эълон қилгандик. Аммо афсус, ҳозиргача маблағнинг бор-йўғи 100 миллион сўми ўзлаштирилди, холос.

Учрашувда ёшлар ўзларининг лойиҳалари, ишланмалари, ғояларини амалга ошириш борасидаги саволларига жавоб олдилар.

Ўктам Худойбердиев,

Бахтиёр Мустанов олган сурат.