Юрт тинчлиги учун ҳаловатидан кечганлар
Ҳарбий либосдаги йигитларнинг саф тортиб, шахдам қадам ташлаётганини кузатганмисиз? Ўткир нигоҳида она-юртга муҳаббат, ғайрат-шижоатида ватанпарварлик акс этган ҳарбийлар юртимиз тинчлиги, чегараларимиз дахлсизлиги ва халқимизнинг фаровон ҳаёт кечириши учун жасорат кўрсатиб келяпти.
Жумладан, Самарқанд шаҳридаги ҳарбий қисмда фаолият олиб бораётган иккинчи даражали сержант Жобир Бердиев ҳамда майор Исроил Туев Ватанимиз мудофаасида фидойилик кўрсатаётган ҳарбийлардан.
- Ҳарбийлик касбини ҳамма ҳам танлайвермайди, - дейди қашқадарёлик Жобир Бердиев. – Юртимизнинг турли ҳудудларида, шароити оғир ёки яхши жойларида, оиласидан узоқда бўлишга тўғри келади. Аммо ҳарбий хизматчи ҳар қандай шароитда ҳам ўз онтига содиқ бўлиб, вазифасини бажариши шарт. 16 йилдан буён ҳарбий сифатида хизмат қиламан. Жанговар техникаларга техник хизмат кўрсатиш ва уларни эксплуатация қилишда иштирок этаман.
Ўтган йили Президентимиз томонидан “Содиқ хизматлари учун” медали билан тақдирландим ва бу эътироф менга мамлакатимиз мудофаасини мустаҳкамлаш, миллий армиямиз салоҳиятини ошириш йўлида куч-ғайрат бағишлади.
Майор Исроил Туев 2010 йилда муддатли ҳарбий хизматдан қайтгач, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртида таҳсил олган. Ҳарбийлар ўртасида ўтказилган танлов ва мусобақаларда муваффақиятли иштирок этган. Айни чоғда аскарларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашда фидойилик кўрсатиб келмоқда.
- Сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаётган, тинчлигимизни асраётган юрт посбонларига ҳавас қилиб, ҳарбийликни танлаганман ва бундан ҳеч қачон афсусланмайман, - дейди Исроил Туев. – Икки нафар фарзандим бор. Улар ҳам ҳарбий бўлмоқчи. Юртимизда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қуватлаш учун барча шароит яратилган. Мен ҳам 2019 йилда уй-жой билан таъминландим, 2020 йилда Президентимиз томонидан “Шуҳрат” медали билан, 2022 йилда Мудофаа вазири томонидан “Жанговар фаолияти учун” III даражали кўкрак нишони билан тақдирландим. Буларнинг барчаси менга билдирилган ишонч. Бу ишончга муносиб бўлиш учун тинмай ҳаракат қиламан.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ (сурат, видео).