Замонавий технологиялар ва ўқув иловалари: Тил ўрганиш янада осонлашди

Бугунги кунда замонавий технологиялар ва тил ўргатишга мўлжалланган воситалар ёрдамида тил ўрганиш илгари тасаввур қилиб бўлмаган даражада осонлашди. Одамлар мобил телефон, компьютер ва бошқа рақамли қурилмалар орқали исталган жойда ва вақтда чет тилини ўрганиш имкониятига эга бўлмоқда.
Ҳозирги кунда тил ўрганиш учун турли мобил иловалар, веб-платформалар ва онлайн курслар мавжуд бўлиб, уларнинг ҳар бири ўзига хос усуллар билан тил ўргатиш жараёнини енгиллаштиради. Бу технологик воситалар орқали тил ўрганувчилар нафақат грамматика ва луғатни ўрганишади, балки интерактив машқларни реал вақт режимида бажариш, талаффузларини текшириш ва ўз билимларини амалиётда синаб кўриш имкониятига эга бўлади. Буларнинг барчаси тил ўрганиш жараёнини янада самарали, қулай ва тез амалга оширишда кўмакчи бўлмоқда. Улардан бир нечтасини мисол сифатида айтиш мумкин.
Duolingo - бу ўйин тарзида ишлайдиган илова бўлиб, ўқувчиларга турли тилларда грамматика, луғат ва талаффузни ўрганишда ёрдам беради. Ҳар бир дарс ўйин тарзида ташкил этилган бўлиб, фойдаланувчи масалаларни ҳал қилиш орқали балл тўплайди, бу эса мотивацияни оширади ва ўрганиш жараёнини қизиқарли бўлиш имконини беради.
Babbel ва Memrise. Бу иловалар ўз фойдаланувчиларига интерактив ва тартибли дарслар тақдим этади. Babbel ва Memrise тилни ўрганиш жараёнида фойдаланувчининг даражасига мос машқларни таклиф қилади, бу эса ҳар бир ўқувчининг ўзига хос эҳтиёжларига жавоб беради. Busuu. Бу онлайн платформа орқали ўқувчилар грамматика, сўз бойлиги ва тилни амалиётда қўллашни ўрганишлари мумкин. Бу илова ўқувчиларга ўз вақтида ва жойида дарсларни бажариш имкониятини беради.
Инглиз тилини ўрганишда видеолар, аудио материаллар, интерактив машқлар ва подкастлардан фойдаланиш жараённи сезиларли даражада осонлаштиради. Мисол учун, видеодарслар орқали ўқувчилар тилни реал ҳаётда қандай ишлатилаётганини кўришади. Бу метод тилни янада тушунарли ва амалий равишда ўрганишга ёрдам беради.
YouTube каналлари. YouTube - бу тил ўрганиш учун кенг имкониятларни тақдим этадиган платформалардан биридир. Инглиз тилини ўрганиш учун жуда кўп каналлар мавжуд. Масалан, BBC Learning English, English Addict with Mr. Duncan, Rachel's English каби каналлар тил ўрганувчига интерактив дарслар, талаффузни яхшилаш ва грамматика бўйича кўплаб фойдали материалларни тақдим этади. Видеолар ёрдамида ўқувчилар тилни нафақат ўқиш, балки эшитиш ва тушуниш орқали ўрганадилар.
Тил ўрганиш жараёнида талаффузни тўғри ўрганиш жуда муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Замонавий технологиялар ёрдамида талаффузни янада самарали ўрганиш имкониятлари мавжудлиги ўқувчига тил ўрганиш давомида жуда қўл келади. Google Translate ва Forvo: Бу воситалар орқали ўқувчилар сўзларнинг тўғри талаффузини эшитишлари мумкин. Forvo - бу талаффузни яхшилаш учун ажойиб платформадир, унда ҳар бир сўзнинг талаффузини турли тилларда таржимаси талаффузи ва ишлатиш даражаси билан берилган.
Тилни ўрганиш жараёнида ажойиб методлардан бири - ўйинлар ва интерактив машқлар ёрдамида тилни мустаҳкамлаш мумкинлигидир. Ўқувчиларга тилни ўрганишда қизиқарли ва самарали воситалар тақдим этиш мотивацияни оширади.
Quizlet иловаси фойдаланувчиларга ёдлаш карточкаларини яратишга ва уларни ўз вақтида машқ қилишга ёрдам беради. Бу метод ёрдамида ўқувчилар янги сўзларни тезда ёдлашади. Kahoot платформаси интерактив ўйинлар ва викториналар орқали ўқувчиларга тилни ўрганишга имкон яратади. Бу ўйинлар ўқувчиларни рақобатга ундайди ва ўрганиш жараёнини янада қизиқарли қилади.
Замонавий технологиялар ва тил ўргатувчи воситалар чет тилини ўрганиш жараёнини сезиларли даражада осонлаштиради. Мобил иловалар, интерактив видео дарслар, ўйинлар ва онлайн гуруҳлар ёрдамида ўқувчилар ўз билимларини мустаҳкамлашлари, талаффузларини яхшилашлари ва тилни реал ҳаётда қўллашни ўрганишлари мумкин. Тил ўрганиш учун мавжуд бўлган замонавий воситалардан фойдаланиш, ўқувчиларга чет тилини янада тез ва самарали ўрганиш имконини тақдим этади.
Холида Шамсиева,
Самарқанд давлат чет тиллар институти стажёр-ўқитувчиси.