Зиёрат қалбни юмшатади

Инсон меҳрга ташна. У узоқ кўришмаган одамларини соғиниб, қўмсаб яшайди. Бу соғинчнинг тафтини босиш учун уларни йўқлаб туради. Бир-бирлари билан тез-тез учрашиб, борди-келди қилади.
Шу билан бирга инсон дунёдан ўтган ота-оналарини, яқинларини, қариндош-уруғларини ҳам соғинади. Шунинг учун шариатимизда қабрларни зиёрат қилиш мустаҳаб ва жоиз амаллардан ҳисобланади. Бу зиёратнинг яна бир хусусияти шуки, у инсоннинг ким эканини, охиратни, дунёдаги ўрнини, Аллоҳ ҳузуридаги бурчини эслатиб туради. Қабр зиёратига даъват қиладиган энг машҳур ва аъло даражада саҳиҳ бўлган ҳадислар бор. Уларда қабр зиёратининг хосияти ҳақида шундай дейилади:
“Мен сизларни қабрлар зиёратидан қайтарган эдим. Энди, уларни зиёрат қилаверинглар! Чунки, у охиратни эслатади, сизларга ўлимни эсга солади. Зиёрат қилаверинглар. Чунки, у қалбни юмшатади, кўзни ёшлантиради. Ундан сизларга ибрат бор. У дунёда парҳезкор қилиб қўяди” (Муслим, Термизий, Абу Довуд, Ибн Можа, Ҳоким, Табароний ривоятлари).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда “Сизларнинг қилаётган амалларингиз сизлардан яқинларингиз ва қариндошларингизга кўрсатилади. Агар яхши амал бўлса, шу билан улар хурсанд бўладилар, агар ундай бўлмаса, улар: Эй Аллоҳим, бизларни адаштирмаганинг каби уларни ҳам адаштирмагин, деб дуо қилади”, деб айтилган.
Имом ал-Байҳақий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деб марҳамат қилганлар: “Қабрдаги ўлик мадад истаётган ғарқ бўлувчи кабидир. У отасидан, онасидан, ака-укасидан ёки дўстидан етиб келадиган дуога интизор бўлади. Дуо етиб келса, бу унга дунё ва ундаги бор нарсадан яхшироқдир. Шак йўқки, Аллоҳ азза ва жалла қабр аҳлига ер аҳлининг дуосини тоғлар мисоли қилиб киритади. Тирикларнинг ўликларга қилган ҳадияси уларга истиғфор айтишдир!”.
Тирикларга ўтган ота-онасининг қабрларини, қариндош-уруғлари, устозлари ва яқин дўст-биродарларининг қабрларини тез-тез зиёрат қилиш буюрилган. Бунга амал қилиш мусулмонлик хислатларидан биридир. Умуман зиёратга бормаслик, ҳатто ота-онанинг қабри қаердалигини унутиб юбориш, зиёратни ёмон кўриш инсоннинг тўғри йўлда эмаслигини билдиради. Имом ат-Табароний раҳимаҳуллоҳ ва Имом ал-Байҳақий раҳимаҳуллоҳ томонларидан: “Кимки ота-онасининг ёки улардан бировининг қабрини ҳар жумъада зиёрат қилса, уни гуноҳлари кечирилади ва яхши инсон деб ёзилади”, деган ҳадиси шариф ривоят қилинган. Шундай экан қабристонларни зиёрат қилиш, ўтган яқинларимиз ётган жойларини тоза, покиза сақлаш биз учун фарз ва қарздир.
Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,
Самарқанд вилоят бош имом хатиби.