ИИБ ходими нега итга тош отди? Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати вазият юзасидан изоҳ берди (видео)

2019 йилнинг 28 август куни соат 01:30 да Самарқанд шаҳар давлат санитария-эпидемиология назорати маркази томонидан шаҳарда бир гуруҳ фуқароларни ит тишлагани ҳақида шошилинч хабарнома келиб тушди.

Шу хабарга кўра, соат 3:00 да шаҳар ИИБ ППХБ ва ЖТСБ карантин тадбирларини таъминлаш гуруҳи  ходимлари  ва  ит овлаш бригадаси воқеа жойига етиб бориб, қутурганликда гумон қилинган итни ушлаш чораларини кўрган. Ушбу жараёнда ит тадбир иштирокчиси бўлган ички ишлар ходимига ҳам ташланган. Шу сабабли итни ушлашда зарур чоралар кўришга тўғри келган.

Одамларга ташланган ит ушлангач, шаҳар ветеринария бўлими томонидан белгиланган тартибда вилоят ветеринария бошқармасининг  вирусология лабораториясига юборилган.

Маълум бўлишича, ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган видеода акс этган ит 15 нафар фуқарога ташланиб, уларга жароҳат етказган. Бу фуқароларнинг барчаси шифохонага ётқизилиб, антирабик эмлаш курси олиб борилмоқда.