Самарқандлик ёш футболчилар Барселонада!
18-22 апрель кунлари Испаниянинг Барселона шаҳрида болалар-ўсмирлар ўртасидаги “Copa Santa” мусобақаси ўтказилиб, ушбу мусобақада нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё давлатларидан фақатгина Самарқанд жамоаси иштирок этди, деб хабар бермоқда “Динамо” ПФК матбуот хизмати.
10 ёшдан 18 ёшгача бўлган тоифада 37 давлатдан 100 дан ортиқ жамоалар турнирда иштирок этди. Мусобақада Самарқанд шаҳрининг “Умед БФК” жамоасининг 12 ёшли футболчилари иштирок этишди.
Самарқанд клуби “Copa Santa” турнири давомида Италия, Испания ва Жазоир мамлакати клубларига қарши тўп суриб, муносиб иштирок этди.
Испаниядаги бир ҳафталик сафар давомида “Умед БФК” жамоаси Каталониянинг диққатга сазовор жойлари, хусусан машҳур “Камп Ноу” стадионида бўлиб, “Барселона” клубининг ютуқлар, музейи билан танишишди. Барселонадаги ўқув-йиғин машғулотлари ҳамда юқори савияда ташкил этилган халқаро турнир ва хорижлик тенгқурлар билан халқаро ўйинлари Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган самарқандлик ёш футболчиларнинг фаолияти учун катта тажриба бўлиб хизмат қилишига шубҳа йўқ.