"Жамоатчилик назорати" гуруҳларининг Пайариқ туманидаги ўрганишлари якунига етди: 12 нафар раҳбарга чора кўрилади
Пайариқда жамоатчилик назорати гуруҳининг фаолияти якунлари кўриб чиқилди. Уни вилоят ҳокими Э.Турдимов олиб борди.
Таъкидландики, гуруҳлар томонидан туманда мавжуд 65 маҳаллада 4300 дан зиёд камчилик ва муаммолар аниқланган. Шундан 917 таси ижобий ҳал этилди, 1199 мурожаат қайтадан ижрога йўналтирилди. Туман тиббиёт бирлашмасига 195 та, туман бандликка кўмаклашиш марказига 115 та, мактабгача таълим бўлимига 56 та, туман ИИБга 87 та, туман газлаштириш идорасига келган 1098 та мурожаатда баён этилган муаммоларга ечим топилмаган.
Йиғилишда аҳоли муаммоларини ижро идораларига етказишга масъул бўлган маҳалла оқсоқоллари фаолияти таҳлил этилди. Мисол учун, туман марказидаги Алишер Навоий номидаги маҳалла раҳбари ўз ҳудудидаги барча томорқа ерлари ағдариб қўйилган, ажримлар иккита, спиртли ичимликлар ичишга ружу қўйганлар иккита, деб ахборот берди. Ўрганилганда эса томорқаларнинг ярми ҳам ағдарилмагани, ажралишлар сони 5 та, нотинч оилалар 15 та, ичкиликка ружу қўйганлар эса 6 нафар экани маълум бўлди.
Демак, оқсоқол маҳалладаги ижтимоий муҳитни пухта таҳлил қилмаган, уни яхшилаш чораларини белгиламаган. 2018 йил давомида имкон бўлатуриб, бирорта оилага банкдан имтиёзли кредит олиб бериш чораси кўрилмаган. Вилоят ҳокими сўраганида бирорта ҳам масъул раҳбар 2-3 кун ичида бевосита муаммоси бор оилага кирмагани маълум бўлди. Хусусан, Дўстлик, Истиқлол, Жувозхона, Оқтош, Кўлтўсин, Кўпаки, Шўртепа, Тўполос, ўойибота, Томайрот каби маҳаллаларга мутасадди раҳбарлар бормагани, борганда ҳам номига кириб кетгани билиниб қолди. Сектор раҳбарлари маҳалла оқсоқолларидан ўз ҳудудидаги муаммоларни сўраб олмаган.
Икки ҳафта ичида туман ҳокими раҳбарлик қилаётган 1-секторга қарашли маҳаллалардан 972 та мурожаат тушган бўлса, унинг 340 таси бажарилди. 2-секторда 583 тадан 229 таси, 3-секторда эса 1104 тадан 171 таси, шунингдек, 4-секторга қарашли ҳудудлардан келиб тушган 1642 та муаммонинг 177 таси ижобий ҳал қилинди.
Муҳокамада ижро ва меҳнат интизоми масалаларида ўзибўларчиликка, сансоларликка йўл қўйганлиги учун туманнинг 12 нафар раҳбарига нисбатан маъмурий жавобгарлик масаласини кўриш тавсия этилди.
Йиғилиш якунида туман ҳокимлиги, секторлар ва мутасадди идора раҳбарлари зиммасига жамоатчилик назорати гуруҳлари томонидан аниқланган камчилик ва муаммоларни қисқа муддатда бартараф этиш чоралари белгиланди.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.