Анжирни иссиқхонада етиштирса бўлади(ми?)
Шу кунларда Самарқанд вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси бошчилигида Пайариқ ва Қўшработ туманлари ҳокимлари ва тадбиркорлар Хитой Халқ Республикасининг Шэньси провинциясида бўлиб турибди.
Сентябрь ойи бошида юртимизга ташриф буюрган Шэньси провинцияси партия қўмитаси котиби Чжао Иде билан музокара чоғида Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов Шэньси провинциясининг камбағалликни қисқартириш, саноатни ривожлантириш борасида тажрибасини Қўшработ ва Пайариқ туманларида жорий этган ҳолда ишбилармон доира вакилларини манфаатли ҳамкорликка чақирган эди.
Ана шу ташаббусни рўёбга чиқариш мақсадида айни пайтда мазкур икки туман раҳбарлари ва тадбиркорлар хитойлик ҳамкорлар фаолияти билан яқиндан танишмоқда.
Жумладан, самарқандликлар Йанглинг шаҳридаги “Ақлли қишлоқ хўжалиги парки”да бўлиб, “ақлли иссиқхона" ва уруғчиликка мўлжалланган корхона фаолиятини кузатди.
Бу ерда сабзавот ва полиз экинларидан ташқари, мевали дарахтларнинг ҳам иссиқхона шароитида парваришланаётгани эътиборни тортди.
– Иссиқхонада ҳатто анжиргача етиштирилаётган экан – дейди Пайариқ тумани ҳокими И.Жабборов. – Шунингдек, уруғчилик борасида ҳам хитойликлардан ўргансак арзигулик тажибалар бор. Бу борада муҳим келишувларга эришдик. “Ақлли қишлоқ хўжалиги парки" IT технологиялари асосида бошқарилар экан.
Сафар давомида иккила туман вакиллари ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича шэньсилик ишбилармонлар билан келишувларга эришмоқда.