Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

15 февраль – собиқ совет қўшинлари Афғонистондан олиб чиқилган кун: Битмас жароҳат

Афғонистон жароҳати... Бу мамлакатда оммавий қирғин бошланганига 42 йил, совет қўшинларининг Афғонистон тупроғидан олиб чиқиб кетилганига 31 йил тўляпти. Лекин ҳали ҳам бу жароҳат битган эмас, бир умр битмаса ҳам керак. Собиқ СССРнинг айрим калтафаҳм сиёсатдонлари Совет қўшинларини Афғонистон тупроғига киритишдан нимага эришганини ҳануз ҳеч ким аниқ билмади.

Аммо улар юз минглаб кишиларнинг қарғишларига учрагани тайин. Генерал ва зобитларни билмадигу, эндигина 18-20 ёшга тўлар-тўлмас ким учун ва нима мақсадда урушга кирганини билмай ўққа учган йигитлар бу ёруғ дунёга келиб нимани кўрди? Қон, босқинчилик, хунрезлик, кўз ёшлар... Темир тобутларни эса қон қақшаган қариндошлари қабул қилиб олди. Уларнинг айримлари тобутда нима борлигини ҳам билишмай аза очди. Одамзод учун бундан-да оғир кўргиликлар бўлиши мумкинми? Бир умр танасини кўрмай кўмилган ўғил ёки яқин қариндош учун ғам тортишнинг ўзи бўладими?

Бугунга келиб афғон урушидан айрим мансабдорлар, генерал ва зобитлардан бошқа ҳеч ким манфаат кўрмагани баралла айтиляпти. Уларнинг кўпчилиги кўксига навбатдаги юлдузларни тақди, мансаб пиллапояларидан юқорилади, ҳатто дурустгина даромад ҳам қилди. Совет аскарлари сафида жанг қилиб, пайт пойлаб афғон жангариларига қурол-яроғ сотган, улардан бир амаллаб ундирган гиёҳвандлик моддаларини СССРнинг турли минтақаларига яширин жўнатганлар ҳақида кўп бор эшитганмиз.

“...Афғон партизанлари урушни биринчи жаҳон уруши давридан қолган эски инглиз милтиқлари билан бошлаган эди, - деб ёзади рус адиби Иван Бунич ўзининг “Партиянинг олтинлари” китобида. - Эндиликда уларнинг ихтиёрида оғир артеллерия, йирик калибрли пулемётлар пайдо бўлди. Ҳар бир афғон партизанининг қўлида Калашников автомати бор эди. Ҳамма қуроллар Совет иттифоқида ишлаб чиқарилганди. Бунақа кўп миқдордаги қурол-аслаҳани жангларда ўлжа олиш мумкин эмасди. Уни фақат сотиб олиш мумкин. Аскарлар ҳар битта ўқни аяб эслари кетарди. Ҳолбуки, бу ўқлар миллионлаб миқдорда душманга сотиларди...”.

Газетхон гап нима ҳақда бораётганини яхши англаб етган бўлса керак. Ўша пайтда собиқ совет хавфсизлик хизмати ходимлари юқорида номлари тилга олинган элчиларнинг бири номига Араб мамлакатларининг бирида нақд 13 килограмм соф олтин юборилганини фош қилган эди.

“Правда” газетасининг (1993 йил, 16 февраль) ёзишича, собиқ СССРдан Афғонистон урушида 40-армиянинг 546 минг 255 нафар ҳарбий хизматчиси иштирок этган. Урушда 13 минг 833 нафар зобит ва аскарлар ҳалок бўлган, 49 минг 985 нафари яраланган, 330 нафари бедарак йўқолган. Газета фақатгина жон йўқотиш ҳақида ёзган, холос. Ўша пайтда СССР Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғи ўринбосари бўлиб ишлаган Совет Иттифоқи Маршали Сергей Ахромеев (“Вокруг Кремля”, “Новости” нашриёти, 1990 йил)нинг ёзишича, йўқотишлар 15 минг киши атрофида бўлган. 9 йил мобайнида фақатгина СССР ҳарбийлари эмас, балки Афғонистон армияси ҳам ёнилғи, қурол ва озиқ-овқатлар билан таъминланиб турилган. Мамлакат аҳолисининг ижтимоий турмуши, иқтисодиётини мустаҳкамлаш учун сарфланиши керак бўлган беҳисоб маблағлар бемақсад кўкка совурилди. Халқ меҳнати эвазига яратилган 10 минглаб техникалар, машиналар билан бирга ёндириб юборилган тонна-тонна ёнилғиларнинг ҳисобини ҳам ҳеч ким аниқ айтиб беролмаса керак. “Вилоятимиздан бу мақсадсиз урушда 8 минг киши иштирок этган. Уларнинг 164 нафари ҳалок бўлган, 2 нафари бедарак йўқолган. 450 нафари бир умр ногирон бўлиб қолган” (“Зарафшон” газетаси, 1998 йил 14 февраль). 

Аллоҳга шукр, кўпчилигимиз Афғонистондага қонли жангларда қатнашмаганмиз. Қобул, Жалолобод, Қундуз, Қандаҳор каби йирик қадимий шаҳарларнинг қип-қизил қонга бўялганини кўрмаганмиз. Фарзандларимизнинг, ака-укаларимизнинг бу жаҳаннам қаъридан эсон-омон қайтишини кутиб, Худога зорланганмиз, холос.

Афғонистон ва унинг жароҳати ҳақида бу кичик мақолада ҳар бир воқеани муфассал ёритишнинг имкони йўқ, албатта. Лекин шуниси аниқки, бу жароҳат ҳали бери битмайди. Ана шу жароҳат туфайли ҳамон оналарнинг кўзларида ёш, кўнгилларидан ғубор тарқаган эмас. Улар ҳар куни “Урушнинг оти ўчсин!”, “Юртимизда тинчлик ҳукм сурсин!”, дея узоқдан–узоқ дуога қўл очишади.

Иззатилла НОРҚУВВАТОВ.