Тўртта вилоятдаги 15 та АЁҚШда сифатсиз бензин сотилган
Оқибатда истеъмолчилар 201 миллион сўмдан ортиқ зарар кўрган. Аниқланган ҳолатларнинг энг кўпи Самарқанд вилоятига тўғри келган. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси хабар бермоқда.
Айтилишича, январь-апрель ойларида 50 га яқин автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида сотилаётган бензинларнинг сифатини ўрганиш учун назорат хариди ўтказилган.
Лаборатория таҳлиллари хулосасига кўра, 15 та АЁҚШда Аи-92 ва Аи-95 маркали сифатсиз бензинлар сотилган.
Самарқанд вилоятида хизмат кўрсатувчи қуйидаги 12 та шохобчада шундай ҳолат аниқланган: “GULOBOD OIL SERVICE”, “RUSTAM GAZ OIL”, “AZAMAT GAZ SERVIS”, “JONIBEK MOBILE”, “SAMARQAND LADA”, “KUTFI BOBO”, “SAM MEGA PETROLEUM”, “ECO STANDART SERVICE”, “BOG‘IZAG‘ON ABDUGAFFOR”, “GULOBOD GAZ SERVIS”, “SHUXRAT”, “RAVOT GAZ SOY”.
Оқибатда истеъмолчиларга 201 миллион сўмдан ортиқ зарар етказилган.
Ушбу зарарни қоплаш учун АЁҚШларга нисбатан иш қўзғатилиб, бажарилиши лозим бўлган кўрсатмалар берилган. Натижада 2139 нафар истеъмолчининг ҳуқуқлари тикланиб, уларнинг фойдасига пул маблағлари қайта ҳисоб-китоб қилинган.