Самарқанд халқаро технология университетида «Америка бурчаги» ташкил этилади
Самарқанд халқаро технология университетига (SIUT) Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Жонатан Хеник ҳамда делегация таркибидан ўрин олган юқори мартабали меҳмонлар ташриф буюрди.
Элчихона ташаббуси билан ўтказилган учрашувда таълим, инновациялар ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш соҳасида ўзаро манфаатли халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашувда SIUT ректори, профессор Юсуф Абдуллаев олий мартабали меҳмонларга университетнинг ташкил этилиши тарихи, фаолияти, эришилган ютуқ ва муваффақиятлар ҳамда келгуси режалар хусусидаги тақдимотни намойиш этди. SIUTда дунёнинг 16 мамлакатидан таълим жараёнига таклиф этилган 35 нафар профессор-ўқитувчи фаолият кўрсатади, уларнинг орасида 10 нафари университетдаги меҳнат шароитларини юқори баҳоловчи АҚШлик профессор-ўқитувчилардир.
Шунингдек, учрашув давомида университетнинг янги кампусида SIUT ва АҚШ университетлари ўртасидаги маданий-маърифий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган «Америка бурчаги»ни очиш имкониятлари муҳокама қилинди. «Америка бурчаги»нинг очилиши Самарқанд шаҳри, вилоят ва унинг атрофидаги ҳудудлар аҳолисига Америка урф-одатлари, қадриятлари, маданияти ва турмуш тарзи билан яқиндан танишиш имконини яратади.
Томонлар, шунингдек, академик фаолиятнинг турли йўналишлари бўйича АҚШдан Ўзбекистонга ўқитувчиларни жалб қилиш бўйича Fulbrayt дастури (Fulbright Specialist Program) ни амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилдилар.
Ташриф давомида жаноб элчи ва унга ҳамроҳлик қилаётган юксак мартабали меҳмонларга «Самарқанд жаҳоннинг ҳар бир қитъасида» лойиҳаси доирасида «Америка Самарқандиёнаси» ноёб фотокўргазмаси ҳам намойиш этилди. Буюк фан ва маданият намояндалари, Нобель мукофоти совриндорлари, АҚШ фуқароларининг самарқандликларга йўллаган тилаклари ва имзолари ёзилган стенд элчида катта таассурот қолдирди. Таъкидлаш жоизки, юқорида айтилган ва бошқа юзлаб хат ва мактубларнинг асл нусхалари SIUT музейида сақланади.
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Хеник билан учрашув халқаро ҳамкорликни янада ривожлантиришда муҳим босқич ҳамда Янги Ўзбекистонда иқтисодиёт тармоғи эҳтиёжларини қоплашга йўналтирилган муҳим ва масъулиятли мақсадни амалга ошириш учун SIUTда жаҳон андозалари даражасидаги мутахассисларни тайёрлашга интилишнинг инъикоси бўлди.