"Султон менинг асирим эмас, меҳмоним бўлади"

Тарихий ҳақиқатга асосланган китоб

Ана шундай асарлардан бири озарбайжон ёзувчиси Юнус Ўғузнинг "Амир Темур" тарихий романидир. Уни мутолаа қилсангиз, ўқиш завқи вужудингизни қамраб олади. Улуғвор сиймоси кўнглингизни фахр туйғуларига тўлдиради.
Ушбу дилогиянинг "Юксалиш сари" деб номланган биринчи китобида Соҳибқирон Амир Темурнинг ҳаётидаги энг муҳим воқеалар – Ҳиндистонни забт этиши, "Дунёнинг ҳукмдори", деб номланган иккинчи китобида эса жаҳонгирнинг Кичик Осиёга қўшин тортиб, бир қатор Шарқ мамлакатларини ўзига бўйсундиргани, бу улкан ҳудудда энг қудратли ҳукмдор бўлиб, ҳатто Европага таҳдид солиб турган турк султони Йилдирим Боязид устидан ғалаба қозониши ва дунёнинг адолатпеша ҳоқонига айланиши юксак бадиий маҳорат билан тасвирланган. Юнус Ўғуз тарихий манбаларга асосланиб, Амир Темурнинг жаҳон тарихи саҳнасида тутган ўрни, инсоният тамаддунидаги улкан хизматларини холис ва ҳаққоний ёритиб берган.

Амир Темур бир сўзли, мард ва жасур, ўзига ишончи баланд, қатъиятли ва шижоатли, узоқни кўра биладиган инсон бўлганлиги асарда сезилиб туради. Унинг бу хислатларини ёзувчи бир лавҳада шундай ифодалайди:
"– Қурултой сени Улуғ Амир этиб сайлади. Хўш, бундан кейин нима қилмоқ ниятинг бор?
Устози нуроний Саййид Бараканинг бу саволига Темур жавобни чўзиб ўтирмади. 
– Бутун Туронни қиличим билан бирлаштираман. Унинг аввалги қудратини тиклайман!...".

Донишманд стратег

Асарни ўқир экансиз, буюк Соҳибқироннинг донишманд стратег, ўткир зеҳнли тактик саркардалигига яна бир карра ишонч ҳосил қиласиз. Қудратли салтанати тинчлик-осойишталиги, унинг сарҳадлари дахлсизлигини сақлаш, мустақиллигига таҳдид солувчи мамлакатларга қарши уруш олиб боришда ҳеч қачон шошма-шошарлик билан иш тутмаган. Юришдан олдин унинг барча икир-чикирларигача пухта ишлаб чиққан. Ниятини қатъий сир сақлаган. Темурнинг бу донишмандлиги унинг босқинчиликни, бегуноҳ қон тўкишни тўхтатиш, ўзини тан олиш, дунёда тинчликни сақлаш ҳақидаги талабини Боязид рад этганидан кейин унга қарши юришга тайёргарлик кўриш жараёнида яққол намоён бўлади.
Йилдирим Боязид Амир Темурникидан сон жиҳатдан бир баравар кўп улкан қўшинга эга эди. Шунга қарамай, Амир Темур таклифларига беписандлик билан "Сен ким бўлибсанки, менга ақл ўргатасан", қабилида ҳақоратомуз жавоб берган Боязидга қарши қўшин тортишга қарор қилади. Аммо қудратли душман қўшинини фақат куч ишлатиб, маҳв қилиб бўлмасди. Темур Анқарага душман ичига савдогарлар қиёфасида ўз шахсий хуфяларини юбориб, қўшин сони, жанговар ҳолати, тош қалъанинг мустаҳкам истеҳкомини қайси жойдан ёриб ўтиш мумкинлиги каби махфий маълумотларни тўплайди. Уларнинг ҳаққонийлигини салтанатига келган хорижий савдогарларнинг маълумотлари билан таққослаб, текшириб кўради. Қўшин жанговарлигини оширади, озиқ-овқат, от-улов, ем-хашакнинг мустаҳкам захирасини яратади. Енгилмас деб тан олинган душман қўшинини қандай қилиб, оз талофат билан яксон қилиш тактикаси ишлаб чиқилади.

Fалабани таъминлаган тактика

...Ниҳоят кутилган дам келди. 1402 йил баҳорида Соҳибқирон Амир Темурнинг улкан қўшини душманга қарши урушга қўзғалди. Йилдирим Боязид қароргоҳ қурган Анқара қалъаси жуда мустаҳкам, қўшин сони Амир Темурникидан кўп бўлса-да, ўз қудратига қаттиқ ишониш, шуҳратпарастлик ва калондимоғлик султонга панд берди.
1402 йил 20 июль тонгида бир-бирига қарши турган икки улкан қўшин даҳшатли шовқин-сурон билан жангга кирди. Еру кўкни чанг-тўзон қоплади, отларнинг кишнаши, қиличу совутларнинг жаранги, жангчиларнинг ҳайқириғи, ярадорларнинг дод-войи оламни тутди, ким душман, ким ўзиники билиб бўлмасди. Дунёга ҳукмдорликка даъвогар икки қудратли куч тўқнаш келганди. Темур лашкарлари сон жиҳатдан устун турк қўшинининг сиқувига дош беролмай, орқага чекина бошлади. Fалаба энди ўзиники бўлишига Боязиднинг ишончи комил эди. Аммо кутилмаганда орқа ва ён тарафлардан худди ер ёриғидан чиққандай Темур жангчилари пайдо бўлиб, душманни ўраб олди. Соҳибқироннинг пистирмага қўйилган жанговар бўлинмалари жангга кирганди.
"...Ҳукмдор сафар тахтига бардам чиқиб жойлашди. Эндиликда бу тахт дунё ҳукмдорига айланган Соҳибқирон Амир Темурнинг тахти эди.
– Олиб киринг!
Асирлар олиб кирилганда, улар орасида банди қилинган султон Йилдирим Боязид ҳам бор эди. Кийимлари йиртилиб кетган, шиддати бутунлай сўниб қолган эди. Аммо ҳамон мағрур турарди".

Куч – адолатда

Бу шиорни ўзига туғ қилиб олган Соҳибқирон раҳм-шафқат ва адолатда ҳам беназир ҳукмдор эди. Унинг мурувватидан ҳузурига олиб келинган асирлар ҳам бенасиб қолишмади.
"Кишанбанд Йилдирим Боязид на салом берди, на таъзим қилди.
Темур унга боққанча хаёлга толди: "Ҳамма нарсасини – озодлиги, ҳокимияти, аҳли оиласи, бор-йўғини бой берди. Fариб бўлса ҳам ҳамон мағрур, бош эгмай турибди. Бундай кишилар ҳурмат ва эҳтиромга лойиқдир".
Соқчиларга буюрди:
– Ечинг унинг қўлларини! ...Султон менинг асирим эмас, меҳмоним бўлади. Боязиднинг чодири менинг чодирим ёнига тикилсин ва либослари янгилансин!".
Темур Боязиднинг оила аъзолари – малика ва ўғил-қизларига ҳам шундай шафқат, мурувват кўрсатади. Мағлуб ғанимга бундай раҳм-шафқат тарихда бирорта ғолибда бўлмаган. Улуғ Соҳибқироннинг буюклиги ҳам шунда эди-да!

Fамхўр саркарда

Асарда Амир Темурнинг донишманд ҳукмдорлиги, буюк саркардалиги унинг улкан қўшинга ғамхўрлиги, жангчилар ўртасида қатъий адолат, тартиб-интизом, бекаму-кўст моддий таъминот, рағбатлантириш йўлга қўйилганида ҳам намоён бўлади. Жумладан, жангчиларга маошлари ўз вақтида тўланган, ўлжа ҳар кимнинг ҳиссасига қараб тақсимланган ва махсус алоқа хизмати томонидан эгаларнинг уйларига етказилган, жангчилар оиласига рағбат сифатида ер-сув ажратилган. Жангда шаҳид бўлганлар оиласи салтанат қарамоғига олиниб, умрбод томорқа ер билан таъминланган. Шунинг учун ҳам аскарлар улуғ ҳукмдорни севишган, унга ишонишган, садоқат билан хизмат қилишган. Адолатли юришларида унинг учун қурбон бўлишни ўзларига шараф, деб билишган. 
Бу тушунарли, албатта. Улкан ақл-заковат соҳиби дунёни забт этган қудратли қўшинни зулм, зўравонлик, қўрқитиш, жазолаш билан қўлда ушлаб туриш мумкин эмаслигини яхши биларди.

"Амир Темур" романининг муваффақияти шундаки, ёзувчи улуғ Соҳибқирон шахси, ҳаёти ва фаолиятига доир тарихий манбаларни чуқур ўрганган, холис таҳлил этган, ҳаққоний баҳо берган. Тарихий воқеалар жонли, ширали тилда бадиий воситалар ёрдамида ҳаққоний тасвирланган. 
Бир китобхон сифатида яхши асар мутолааси киши онгу тафаккурини янада нурлантириши, қалбда нозик ҳис-туйғулар уйғотиши, руҳий-маънавий завқ бағишлаб, эзгу ишларга ундашига амин бўлдим.

Тоғаймурод ШОМУРОДОВ.