Нурободда ноқонуний дарахт кесилиши оқибатида табиатга 147 187 500 сўм зарар етказилган
Туман экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бўлими давлат инспекторлари 30 октябрь куни туманнинг Дўстлик маҳалласи ҳудудидаги «Камалак нур ёғдуси» фермер хўжалиги ҳудудида иҳота шаклида экилган 27 туп қора тол дарахтларини Паст Дарғом тумани Меҳнат маҳалласи фуқароси Қ.З. тегишли рухсат олмасдан ноқонуний тарзда кесганлигини аниқлаган.
Кесилган дарахтлар Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 августдаги «Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни экиш, парвариш қилиш ва улардан фойдаланиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорининг 4-иловасига асосан, тегишли ҳужжатлар қонун талабларига мувофиқ расмийлаштирилиб, табиатга етказилган зарар миқдори ҳисобланганда 147 187 500 сўмни ташкил қилган.
Айни пайтда ҳуқуқбузарга тегишли ашёвий далиллар олиб қўйилиб, техника воситалари ва автомобиллар вақтинча сақлаш майдончасига қўйилган.
Ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатларда жиноий аломатлар мавжуд эканлиги боис ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилган.