Код ортидаги масъулият ёки киберэтика ҳақида мулоҳазаларим

XXI аср инсоният ҳаётида нафақат янги техник имкониятлар, балки долзарб фалсафий саволлар даври сифатида намоён бўлмоқда.

Ахборот оқимининг беқиёс даражада кенгайиши ва кибермаконнинг чексиз имкониятлари инсоннинг борлиқдаги ўрнини қайта англашни тақозо этмоқда. Бугун Тошкент ахборот технологиялари университети ва шу каби технологик марказларда таҳсил олаётган ёшлар учун фақатгина код ёзиш ёки тизим яратиш эмас, балки яратилаётган технологияларнинг ахлоқий ва ижтимоий оқибатларини англаш ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Бу борада киберэтика талабларига риоя қилиш ижтимоий жиҳатдан фойдали саналади. Зеро, киберэтика компьютер ва ахборот технологияларидан фойдаланиш жараёнида инсоний ахлоқ қоидаларини ўрганувчи фалсафий соҳадир. Рақамли дунёда шахс эркинлиги масаласи ўта нозик ва мураккаб хусусиятга эга. Бир томондан, интернет инсонга билим олиш, фикр алмашиш ва ўзини ифода этишда кенг имкониятлар яратса, иккинчи томондан, рақамли назорат, шахсий маълумотларнинг ошкоралиги ва ахборот манипуляцияси инсон эркинлигига таҳдид солмоқда.

Фалсафий нуқтаи назардан қаралганда, виртуал борлиқ инсоннинг “иккинчи табиати”га айланиб бормоқда. Ушбу маконда анонимлик ҳисси кўп ҳолларда масъулиятсизлик ва ахлоқий меъёрларнинг бузилишига олиб келиши мумкин. Шу боис рақамли цивилизация шароитида “рақамли виждон” тушунчасини шакллантириш долзарб вазифалардан бири ҳисобланади. Агар техник тараққиёт маънавий-ахлоқий тарбия билан уйғунлашмаса, инсон ўз қўли билан яратган тизимларнинг қурбонига айланиб қолиши эҳтимолдан холи эмас.

Рақамли келажакнинг инсонпарвар моделини яратишда асосий эътибор технологиянинг ўзига эмас, балки инсон қадри ва эркинлигига қаратилиши лозим. Келажак авлод кибермаданиятни юксак даражада ўзлаштириши, ахборот таъсирига танқидий ёндаша олиши ва технологиялардан фақат эзгу мақсадларда фойдаланиши муҳимдир.

Хулоса қилиб айтганда, киберэтика ва шахс эркинлиги масалалари рақамли асрнинг энг муҳим фалсафий муаммоларидан саналади. Технологик тараққиёт инсоннинг моддий ҳаётини енгиллаштирса-да, унинг маънавий олами ва эркинлиги фақат ахлоқий меъёрлар орқали ҳимоя қилинади. Шу боис яратилаётган ҳар бир дастурий маҳсулот ёки техник ечим замирида инсон қадри ва ахлоқий масъулият мужассам бўлиши шарт.

Муҳаммад Қувондиқов,

Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиали талабаси.