Зиёлилар нега газета ўқимайди?

Кундалик ҳаётимиз ижтимоий тармоқларга боғланиб қолган, гўё унга кирмасак, барча ахборотдан қуруқ қоладигандекмиз. Аммо яқинда Англияда истиқомат қиладиган дугонам ҳафтанинг бир кунини ижтимоий тармоқларсиз ўтказишини айтиб қолди.

- Қандай қилиб, янгиликларни қаердан оласиз? – дедим.

- Янгиликларни газетадан ўқийман, - деди дугонам хотиржам. – Ҳатто баъзи янгиликлар ижтимоий тармоқларда тарқалмасдан, газетада чоп этилади, - изоҳ берди саволимга ўрин қолдирмай. – Англияда кундалик газеталар аҳолига текин тарқатилади. Метрога тушиш йўлагида газеталар тахлаб қўйилади. Одамлар эрталаб метрога тушишда газета олиб кетади. Бепул тарқатиладиган газеталар рекламалар ҳисобига чоп этилади. Тўғри, пуллик газеталар ҳам бор, уларни ҳам одамлар эҳтиёжи туфайли сотиб олади. Шунинг учун ҳам европаликлар ижтимоий тармоқларга муккасидан кетмаган. Газета орқали ҳам кундалик ахборотларни ўқиш мумкин.

Худди шунга ўхшаш ахборотни Японияда яшовчи юртдошимиз Баҳодир Искандаровнинг телеграм саҳифасида кўрдим. Унинг айтишича, Японияда газетхонлик даражаси жуда баланд. Биргина  “Маиничи Шимбун” газетаси 8 миллиондан ортиқ нусхада чоп этилар экан. Японлар газета ўқишни қандай одатлантирган, деган савол туғилиши табиий. Сотсиолог бунинг бир неча сабабларини ҳам санаб ўтган.

- Биринчидан, газеталарни уйга етказиб бериш хизмати жуда яхши йўлга қўйилгани, - дейди у. – Ҳар бир хонадонга кундалик газеталар эрталаб соат тўрт-беш атрофида етказилади. Иккинчидан, бошланғич синфларда ўқувчиларга газетанинг қандай муҳимлиги ўргатилади. Ҳатто мактабда газета ўқиш дарслари бор. Учинчидан, ҳар қандай япондан ота ким, деб сўралса, эрталаб ишга кетишдан олдин газета ўқиб ўтирган инсонни тасвирлаб беради. Отасининг ҳар куни газета ўқиб ўтирганини кўрган болалар, албатта газета ўқишади. Япон болалари газета ўқиш муҳимлигини ҳис қилиб ўсишади.

Бизда-чи? Афсуски, кўпчилик оилаларда оталар ишга кетишдан ярим соат олдин уйғонади. Апил-тапил кийиниб, чойини ҳам чала ичиб, ишга отланади. Газета ўқиш тугул болалари билан дастурхон атрофида бемалол чой ичмайдиган оталар бор. Ачинарлиси, ўзини зиёли санайдиган баъзи қатлам вакиллари газета обуналарини тўхтатишни, одамлар хабарларни ижтимоий тармоқлардан ўқишга одатланиб бўлганини айтишмоқда. Аммо масаланинг яна бир томонига эътибор қаратиш керак. Газета ўқишга одатланган авлод вакиллари китобни ҳам севиб ўқийди. Чунки уларда ўқиш кўникмаси шаклланган бўлади.

Бизнинг болалигимиз ҳам аслида шундай ўтган. Уйимизга тахлам-тахлам газета ва журналлар келарди. Дадам “Совет Ўзбекистони” газетасини ўқирди. Биз газетадаги мақолалар мазмунига тушунмасак-да, охирги варағини, яъни адабиёт саҳифасини ўқирдик. Шунингдек, “Фан ва турмуш”, “Муштум”, “Саодат” журналларини талашиб мутолаа қилардик. Юқорида Б.Искандаров айтганидек, оиламизга мунтазам газета-журналларнинг келиб туриши ва катталарнинг мутолааси биз, болаларни китобхонликка ўргатган.

Eнди-чи? Кимнинг уйига газета, журнал тахлам-тахлам бўлиб боряпти? Ҳатто зиёлиларимиз ҳам газета ўқимай, унга обуна бўлмай қўйди. Натижада умуман ўқишга қизиқиши йўқ авлодни тарбиялаяпмиз. Тўғри, ҳамманинг ҳам газета-журналга обуна бўлишга чўнтаги кўтармас, аммо таълим муассасаларига ҳам босма нашрлар саноқли келади. Масалан, умумтаълим мактабларида бугун ўртача 30-40 нафар ўқитувчи фаолият юритса, кутубхонасига атиги 2-3 та газета боради. Кейинги йилларда газета-журналлар йўқолиб ҳам боряпти. Хўш, нима учун? Зиёлилар газета ўқимайдими?

Факт ва рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, ўқитувчиларнинг республика нашри ҳисобланган “Маърифат” газетаси 2026-йилдан атиги 3751 нусхада чоп этиляпти. Самарқанд вилоятида бугун 1275 та давлат умумий ўрта таълим мактаби ҳамда 55 та нодавлат мактаблар бўлиб, уларда 61 808 нафар педагог ходимлар меҳнат қилмоқда. Агар ҳар бир мактаб бир донадан “Маърифат” газетасига обуна бўлганида ҳам вилоятимизга 1330 та газета келиши керак эди.

Айни кунда республикамизда 10 мингдан ортиқ умумий ўрта таълим мактаби бор. Ҳеч бўлмаса бир нусхадан обуна бўлган тақдирда ҳам “Маърифат” газетасининг тиражи 10 мингдан зиёд бўлиши керак эди. Наҳотки бир мактабдан 40 нафар ўқитувчи битта газетага обуна бўла олмаса? Лоақал директор жамғармасидан газета-журналлар учун обуна ташкил қилинса бўлмайдими?

Кейинги йилларда ўқитувчилар ҳам яхши маош оляпти, уларга қўшимча устамалар бериляпти. Масалан, 2025 йилда вилоятда 346 нафар мактаб ўқитувчиси 1000 доллардан ортиқ маош олган. Майли, биз буни иддао қилмаяпмиз, аксинча, хурсанд бўлдик. Фақат зиёлиларнинг мутолаа қилмай қўйгани бизни ташвишга солмоқда. Негаки зиёли қатлам ўқимаса, бошқалардан нима кутиш мумкин?

Шу ўринда бир воқеани мисол келтираман. Яқинда таҳририятимизга мактаб директори мақола йўллабди. Очиғи, мақолани ўқиб, ҳеч нарсага тушунмадим. Кейин ўша мактаб директори билан боғланиб, фикрларини телефон орқали олдим ва  мақолани қайта ёздим. Мақолани муаллифга ташлаб бердим.

- Тўғрисини айтсам, фикрларимни қандай қоғозга туширишни билмасдан ЧатГПТ ёзиб берган матнларни ўзим ҳам тушунмасам-да, таҳририятга юборгандим. Раҳмат сизга, чиройли мақола чиқибди, - деди мактаб директори.

Ҳаётимизда мутолаа маданиятининг йўқлиги зиёлиларни мана шундай ачинарли аҳволга соляпти. Ҳатто олий таълим муассасалари ўқитувчилари ҳам ЧатГПТга мақола ёздириб, таҳририятга жўнатяпти. Аслида бундай ҳолатдан уялиш керак.

Тўғри, шу пайтгача ташкилот ва муассасаларга газета ва журналлар мажбурий тарзда обуна қилдирилди. Мажбурий обуна йўқ бўлгач, мактаблар умуман обуна бўлмай қўйди. Буни айрим мактаб директорлари тан олди. Хўш, энди аҳволимиз нима бўлади? Мутолаасиз тараққиётга эришиб бўлмайди-ку!

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.