Парранда наслчилиги йўлга қўйилади

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида Нарпай туманида вилоятимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда вилоятимизни ҳар томонлама ривожланган, аҳоли фаровонлиги таъминланган ва иқтисодий жиҳатдан барқарор ҳудудга айлантириш устувор вазифа сифатида белгиланди. Хусусан, ишсизликни қисқартириш, камбағалликни камайтириш, инвеститсияларни жалб этиш ва экспорт салоҳиятини ошириш каби муҳим йўналишларда вилоят намунавий бўлиши шартлиги қатъий таъкидланди.

Давлат раҳбари томонидан ҳудудларда ишлаб чиқаришни кенгайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, инвеститсиявий муҳитни янада яхшилаш орқали иқтисодий фаолликни ошириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди. Шу билан бирга, ҳар бир туман ва шаҳарда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, “ўсиш нуқталари”ни аниқлаб, улар асосида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш зарурлиги қайд этилди.

Йиғилишда қишлоқ хўжалигининг муҳим ва истиқболли тармоқларидан бири — паррандачиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ҳудудларда замонавий паррандачилик комплексларини ташкил этиш, наслдор паррандалар сонини кўпайтириш, озуқа базасини мустаҳкамлаш, маҳсулотларни қайта ишлаш ва сақлаш тизимини йўлга қўйиш бўйича муҳим топшириқлар берилди. Бу эса аҳолини арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, ички бозор барқарорлигини мустаҳкамлаш ва экспорт салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади.

Яна бир муҳим томони, парранда наслчилиги бўйича АҚШ, Хитой, Венгрия ва Германия давлатларидан кейинги 5-давлат бўлиш режалаштириляпти. Бунда жўжа импорти қисқариши ҳисобига наслли жўжаларга бўлган тақчиллик ва хорижга қарамлик йўқолади.

Шу мақсадда Оқдарёда “Агро-Фоод-Гастро” АЖ томонидан Нидерландиядан тухум йўналишида қиймати 250 миллиард сўмлик парранда наслчилик корхонаси ташкил этилади.

Натижада йилига 500 минг бош наслли жўжа етиштириш ва 40 миллион бош товуқдан 12 миллиард дона тухум олиш йўлга қўйилади. Энг муҳими, 650 минг бош наслли жўжа экспорт қилинади.

Қўшработда эса 20 миллион долларлик тухум йўналишидаги наслчилик корхонаси ишга туширилади.

Амалга ошириладиган бу каби ишлар натижасида барча тоифадаги хўжаликларда гўшт ишлаб чиқариш 357 минг тоннага (103,2 фоиз), тухум 1,5 миллиард донага етказилади. Паррандачилик тармоғини жадал ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадларни ошириш ва камбағалликни қисқартиришга эришилади. Белгиланган вазифаларнинг изчил амалга оширилиши натижасида вилоятимиз мамлакатда намунавий ва илғор ҳудуд сифатида янада мустаҳкам ўрин эгаллайди.

Ҳайдар ЎРОҚОВ,

халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, тадбиркор, ЎзЛиДеП фахрийлар Кенгаши раиси.