Тутзордаги муаммоларни ким ҳал қилади?

Самарқанд шаҳар Тутзор маҳалласи Ҳоди Файзий кўчасидаги уйлардан бирида 25 йилдан бери яшаб келаман, ёшим саксон тўртда.

Ўтган йиллар давомида ён-атрофимиз, кўчалар илгаригидан ўзгариб кетди, қулайликлар яратилди, эски “Макаронка” (Курчатова)дан асар ҳам қолмади. Кўчанинг икки томони устахоналар билан тўлди, маҳаллий саноат районига айландик.

Аммо шу кўчанинг юқорисидаги Ҳоди Файзий кўчаси бўйича айрим мулоҳазаларим бор. Авваллари кўча тош йўл эди, бугун асфальт бўлди –  давлатимизга раҳмат! Лекин шу кўча ва унинг атрофида автомобиллар ҳаракати, симёғочлар ва янги қурилишлар билан боғлиқ муаммолар бор.

Илгари кўча бошланишида “йўл бир томонлама” деган белги турарди. Ҳозир эса икки томонлама қатнов. Айниқса, юк машиналарининг чиқиши ва тушиши ҳам жуда хавфли ҳисобланади. Ваҳоланки, бу кўча маҳалланинг ички, кўпроқ пиёдалар юрардиган йўли. Кўчада худди аэродромдан учган самолётдек ўтадиган машиналар ҳаракати тартибга олинса, деймиз.

Маҳалладаги симёғочлар нечанчи йилларда қўйилган, билмадик. Қурилиш қилаётган кишилар симёғочларни бир-икки марта кўчириб, уларга турли симларни осиб ташлаган. Ўтган йили шу симлар туфайли бир киши ҳалок бўлган эди, яқинда электр ва газ чақнашидан маҳалладошимизнинг уйи тамоман ёниб кетди. Бунга ҳам масъуллар эътибор қаратса ёмон бўлмасди.

Қурилишлар масаласи ҳам энг оғриқли муаммомиз. Одатда, маҳалла ичидаги қурилишлар қўни-қўшниларнинг розилиги билан, уларга зарар етказмаган ҳолда амалга оширилиши керак. Аммо, бизда бунга кўпам риоя этишмаяпти. Масалан, бизнинг уйимиз ёнида қурилган беш қаватли иморат эгалари “оҳ-воҳ”ларимизга қулоқ солмасдан деразаларимизни тўсиб, 1,5 метр оралиқ ташлашди, холос. Қурилиш назорати деган тушунча қаерда қолди? Адашмасам, шундай фаолият олиб борадиган инспекция бор. Наҳотки, улар шу катта бино лойиҳалаштирилиб, қурилгунча бундан бехабар бўлса?

Хуллас, янги йил бошидан шаҳар ҳокимлиги ва мутассадди идоралар маҳалламизга келиб, шу муаммоларни ўрганса, халқнинг дардларига қулоқ тутса ва бизни ўйлантираётган муаммоларни ҳал этиб берса, деган истагимиз бор эди.

Зиёдулла Муқимов,

меҳнат фаҳрийси.