Бугун Венесуэла тақдирига ким таъсир кўрсатмоқда ва бунда Марко Рубио қандай роль ўйнайди?

Венесуэладаги сиёсий инқироз Ғарбий яримшардаги энг узоқ давом этаётган инқирозлардан бири бўлиб қолмоқда. Расман мамлакатда ҳукумат ҳали ҳам Николас Мадуро жамоаси қўлида, аммо сўнгги йилларда АҚШнинг Венесуэла йўналишидаги таъсири янада кучайди.

Янги йилнинг илк кунларида Венесуэладаги вазият АҚШнинг кутилмаган ҳарбий операциясидан сўнг кескин ўзгарди, бу операция давомида президент Николас Мадуро қўлга олиниб, суд учун АҚШга топширилди. Бугун Николас Мадуро ва унинг рафиқаси Силия Флорес илк бор Нью-Йорк шаҳридаги федерал суд олдида ҳозир бўлиши керак. АҚШ ҳуқуқ-тартибот идоралари уларни халқаро наркотрафик, нарко-терроризм, жиноий тил бириктириш, шунингдек, қуролли гуруҳлар билан ҳамкорлик қилишда айбламоқда.

АҚШ президенти Доналд Трамп АҚШ вақтинча "Венесуэлани назорат қилаётгани"ни ва ҳукумат алмашинуви амалга оширилгунга қадар мамлакатни ким бошқаришини ҳал қилишини айтди.

Шу билан бирга, Венесуэланинг ўзида мамлакат Олий суди президентнинг ваколатлари - Мадуро қайтгунга қадар ёки янги сайловлар ўтказилгунича вице-президент Делси Родригесга ўтказилиши ҳақида қарор чиқарди. Венесуэла армияси унинг тайинланишини қўллаб-қувватлади.

Бугун Родригес АҚШ президенти Доналд Трампга Вашингтон билан ҳамкорлик қилишга чақирувчи хабар юборди. Унинг таъкидлашича, Венесуэла "тинч-тотув яшашга содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди" ҳамда АҚШ ва минтақадаги мамлакатлар билан "суверен тенглик ва аралашмасликка асосланган" "мувозанатли, ҳурматли халқаро муносабатлар"ни ўрнатишни устувор вазифа деб билади.

Вашингтон очиқ-ойдин эркин ва адолатли сайловлар ўтказилмас экан, амалдаги раҳбариятни легитим деб тан олмаслигини билдириб келади. Шу фон ортида Венесуэла бўйича АҚШ сиёсатини шакллантиришда сенатор Марко Рубио асосий роль ўйнамоқда — у Каракасни энг қаттиқ танқид қилувчилардан бири ва Мадуро режимига нисбатан босимни кучайтириш тарафдори сифатида танилган. Венесуэла бўйича асосий мувофиқлаштирувчи шахс сифатида айнан у қаралади.

Хуллас, аввалроқ АҚШ томонидан эълон қилинган Николас Мадурони қўлга олишга ёрдам берадиган маълумот учун белгиланган 50 миллион долларлик мукофот ҳам «чўнтакда қолди». Сиёсатчилар бунда Вашингтон стратегиясининг ўзгариши – сиёсий, санкцион ва дипломатик усуллардан тўғридан-тўғри куч ишлатишга ўтишни кўришмоқда.

АҚШ операцияси оқибатида 80 нафаргача одам ҳалок бўлган, шу жумладан ҳарбийлар ва тинч аҳоли. Куба ҳукумати маълум қилишича, операцияда 32 кубалик ҳарбий ва разведка ходими ҳалок бўлган. Улар Венесуэла президенти Николас Мадуро ва унинг хотинини ҳимоя қилиш вазифасини бажарган. "АҚШнинг ҳужум навбати Куба", деган миш-мишларга Дональд Трамп жавоб берар экан, «мамлакат «қулашга яқин», аммо АҚШ ҳозирда мамлакатга нисбатан тўғридан-тўғри ҳарбий ҳаракат режалаштирмаётганини айтди.

Венесуэланинг ўзида эса Мадуро тарафдорлари ва мухолифлари иштирокидаги оммавий акциялар давом этмоқда. Бундай намойишлар кўп ҳолларда тўқнашувлар ва ҳибслар билан тугамоқда.

Шу билан бирга, Венесуэла АҚШ томонидан расман «бошқариляпти», деган гап йўқ. Аммо амалда Венесуэла бўйича асосий санкция қарорлари, дипломатик сигналлар ва стратегик ташаббуслар айнан Марко Рубио орқали ўтмоқда ва мамлакат келажагига бевосита таъсир кўрсатмоқда.

Шундай қилиб, Марко Рубио юридик маънода Венесуэла раҳбари эмас, аммо у Каракасга нисбатан АҚШ сиёсати ва эҳтимолий сиёсий транзит сценарийларини белгилаб берувчи энг муҳим шахслардан бири ҳисобланади.

Интернет хабарлари асосида Г.Холдорова тайёрлади.